Ссылки доступа

Арипов ва Расулзода ўзбек-тожик чегарасини қайта очиш масаласини кўриб чиқади


Савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳамкорлик масалалари бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилишини жорий йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Душанбе шаҳри ўтказиш режаланмоқда.

Бу ҳақда “Азия-Плюс” агентлиги Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Қўшма комиссиянинг ҳамраислари Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бўлиб ҳисобланади.

Қайд этилишича, томонлар коронавирус инфекцияси ёйила бошлагани ортидан март ойи ўрталаридан ёпилган икки давлат ўртасидаги чегараларнинг қайта очилиши ва авиақатновларнинг тикланиши масалаларини кўриб чиқадилар.

Шунингдек, уларнинг икки томонлама савдо-сотиқ ҳажмини ошириш, истиқболли инвестицион лойиҳалар, транспорт ва коммуникация соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилишлари кутилмоқда.

Манбага кўра, Тожикистондан Ўзбекистонга етказиб берилажак электр энергияси ҳажми ҳамда Ўзбекистондан Тожикистонга етказиб берилажак табиий газ ҳажми ва уларнинг нархига оид масала юзасидан ҳам шу йиғилиш чоғида келишувга эришилади.

XS
SM
MD
LG