Ссылки доступа

Шимолий Қозоғистон вилоятида қўриқчилар йўқлиги боис уран кони талон-тарож қилинди (видео)


Шимолий Қозоғистон вилоятида қўриқчилар йўқлиги боис уран конлари талон-тарож қилинди, дея хабар беради минтақа экология департаменти.

"Фаолият юритмайдиган уран конларида қўриқчилар йўқлиги боис хавфли участкалар ва шахталарга қўйилган тўсиқлар талон-тарож қилинган. Консервация қилинган бинолар қисман бузилган ёки қурилиш материаллари учун олиб кетилган, ерости коммуникациялари очилган ва демонтаж қилинган, ундаги рангли металлар олинган", – дейилади хабарда.

Департамент хабарига кўра, Айиртау тумани ва Мусрепов номли туманда олтита ишлатиб бўлинган уран кони мавжуд. Уларнинг ҳаммаси консервация қилинган ва беркитилган, бироқ расмийлар хавфсизлик чораларини кўрмаган.

2018 йилда вилоят ҳокимилиги 2019-2020 йилларда тўсиқларни тиклаш режасини тасдиқлаган эди, аммо ҳужжатнинг атиги тўртта пунктигина бажарилди. Иккита туман расмийлари ҳам фаолияти тўхтатилган конларни ҳимоя қопламалари ва тўсиқларини қайта тиклаш учун маблағ ажратилишини сўраб ариза бермаган.

Мусрепов номли туман ҳокими Нурлан Туребековнинг айтишича, барча конларнинг шахталари ваколатли идораларнинг эксперитизаси ва лойиҳаларисиз тўсилган ва кўмиб ташланган.

Pszsk.info нинг ёзишича, 2 сентябр куни судга Айиртау туманидаги конлар ташландиқ экани, эндиликда маҳаллий расмийлар уларни тўсиш ва рекультивация қилиш билан шуғулланиши мумкинлиги юзасидан ариза юборилган. Бугунги кунда конга тегишли бўлган биноларга исталган ҳар бир киши кириши мумкин.

Нашр маълумотига кўра, туманда радиация белгиланган меъёрдан ошиб кетмаган.

XS
SM
MD
LG