Ссылки доступа

Қишлоқ ва туман мактаблари ҳануз қўлювгич, пирометр ва медкабинет учун маблағ тополмаётир


Умумтаълим мактабларининг бу йилги ўқув йили учун очилиши, уларнинг махсус "COVID-19 фильтр" гуруҳлари ва камида 2 та махсус медкабинетни тайёрлашига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Мактаб ўқитувчиси ва раҳбарларидан олинган маълумотга кўра, улардан 1 нафардан ҳамшира, санитар, ИИВ, Миллий гвардия ходими иборат "COVID-19 фильтр" гуруҳи ҳамда кичик мактабларда камида 1 та, йирикларида эса 3 та махсус хонани тайёрлаш талаб қилинмоқда.

Қўйилган талабга кўра, хоналардан бири тиббий кўрик, яна бири изолятор хонаси бўлиши лозим. Йирик мактабларда 3 тадан ётоқ ўрни бўлган камида 2 та изолятор хонасини тайёрлаш кўзда тутилган. Ҳар 30 ўқувчига бир қўлювгич бўлиши шарт.

Қишлоқ ва туманлардаги айрим мактаблар, махсус хоналарни тиббий жиҳоз ва зарур дори-дармон билан таъминлаш учун ҳануз ҳокимлик маблағ ажратишини кутаётгани маълум бўлди. Уларнинг аксарида пирометр, дезинфекция воситаси қуйиладиган дозатор ёки пульверизаторлар умуман йўқ.

9 сентябрь куни айнан маблағ масаласида баёнот берган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, маҳаллий органларни зарур бўлмаган бошқа сарф-ҳаражатларни тўхтатиб, мактаб учун маблағ ажратишга чақирди.

Халқ таълими вазири мамлакат бўйлаб умумтаълим мактаблари 14 сентябрь куни очилиши мумкинлиги ҳақида 25 август куни маълум қилган эди.

Бу ўринда, мактабларда коронавирусга чалинган ўқувчи ва ўқитувчиларни остонадаёқ аниқлаб, тегишли чораларни кўра оладиган махсус гуруҳ - "COVID-19 фильтр" гуруҳи тайёр бўлиши шарт.

Тошкент ва вилоятлардаги бир неча йирик шаҳар мактабларида фильтр гуруҳлари тайёрлиги ҳақида маълумот олди. Аммо, махсус изолятор хоналари учун жиҳозлар ва ўқувчилар иссиғини ўлчайдиган пирометр ёки дезинфекция воситаси қуйиладиган дозаторлар, сепиладиган пульверизаторлар ҳануз етарли эмас.

Ўқитувчилар ва мактаб раҳбарларига кўра, йирик шаҳарлар ва пойтахтларда очилишга қарийб ҳозир бўлган мактаблар, қишлоқ ва туманларда ҳануз тайёр эмас.

Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Нурафшон қишлоғида жойлашган – 280 ўқувчи ўқийдиган 58-умумтаълим мактаби директори Аҳад Ашуровга кўра, унинг мактабида тайёргарлик битмаган.

Директорга кўра, вазирликдан берилган кўрсатмага биноан, мактабга келаётган ўқувчиларни тегишли кўрикдан ўтказиш учун 4 кишилик махсус гуруҳ мактаб дарвозасига қўйилиши лозим:

“Битта ҳамшира, битта санитар, битта ИИВ ва битта Миллий гвардия аскари эшикни олдида туриши керак, дейишди. Улар кириб-чиқаётган ўқувчиларни текширади. Мактаб биносида битта оддий медкабинет, битта карантин хонаси бўлиши керак. Биз хоналарни ажратдик, мактаб ҳисобидаги бор пул билан таъмирлаб қўйдик. Лекин жиҳозлар йўқ. Туман ҳокимияти қилиб берамиз, деган. Кутяпмиз”.

Унинг айтишича, ҳар бир мактабда 30 ўқувчига бир дона қўлювгич бўлиши шарт, ҳозир унинг мактабида буни олиш учун ҳам етарли маблағ йўқ.

9 сентябрь куни, айнан шу масалада чиқиш қилган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, 14 сентябрдан очилиши айтилган мактабларнинг тақдири маҳаллий ҳокимлик органлари ажратадиган эътибор ва маблағга қараб қолганини тан олди.

Телеграм тармоғидаги саҳифасида берган баёнотида вазир, Ўзбекистонда мактаблар очилиши бўйича қарорни фақатгина маҳаллий кенгаш депутатлари қабул қилишини билдирди.

Вазирга кўра, агар мактаб тайёр деб топилмаса, у ҳолда ўқувчилар ўша ҳудудда очилишга тайёр бўлган бошқа мактабларга қатнайди ёки 14 сентябрдан теледарслар орқали масофавий таълим олишга мажбур бўлади.

Халқ таълими вазирлиги берган маълумотга кўра, 2020-2021 ўқув йилига келиб, мамлакатдаги жами умумтаълим мактаблари сони 9942 тага етган, уларнинг қарийб 72,75 фоизи (7233 та мактаб) қишлоқда жойлашган.

Мактаб ўқитувчилари ҳамда раҳбарларига кўра, қишлоқ ва туманларда ота-оналарнинг аксари анъанавий таълим турини танламоқда – яъни, болаларини мактабга жўнатиш истагини билдирмоқда. Боиси, қишлоқларда масофавий таълим учун етарли маблағ ва сифатли Интернет алоқаси йўқ.

XS
SM
MD
LG