Ссылки доступа

NYT: Навальный Россияга қайтишни режалаштирмоқда


Мухолифатдаги сиёсатчи Алексей Навальний соғайиб кетиши билан Россияга қайтишни режалаштирмоқда, дея душанба куни хабар берди Американинг The New York Times газетаси ГФР хавфсизлик идораларидаги ўз номини ошкор қилишни истамаган манбага таянган ҳолда.

"У [Навальний] Германияда сургунда қолишни истамаяпти. У Россияга қайтишни ва ўз ишини давом эттиришни хоҳламоқда", –деди нашр суҳбатдоши.

Нашр маълумотига кўра, хавотирларга қарамай сиёсатчи маънан зарар кўрмади – Навальний немис прокурорига қаерда эканлигини ва ўзи билан нималар содир бўлганини англашини айтди. Шу билан бирга мухолифатдаги сиёсатчи юз берган ҳодиса юзасидан биргаликда тергов бошлаш борасида Германияга таклиф билан чиққан Россия томони билан ҳамкорлик қилишдан воз кечди, дея ойдинлик киритади нашр манбаси.

Навальний 20 август куни Томскдан Москвага парвоз қилаётган самолётда ўзини ёмон ҳис қилди. Учувчи самолётни Омскка қўндиришга қарор қилди, бу ерда сиёсатчи №1 тез тиббий ёрдам шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилди. Шифокорлар Навальнийнинг самолётда олиб кетилишига рухсат беришмади. Самолёт атайин Навальний учун келган ва Омск аэропортида уни кутаётган эди. Аввалига шифокорлар бунинг имконияти йўқолигини айтиб, ҳужжатларни Навальнийнинг рафиқаси Юлияга беришмади.

Шу билан бирга президент матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот бериб, сиёсатчининг шифохонага ётқизилиши борасидаги хабарларни кузатиб бораётганини айтди ва Навальнийнинг хорижда даволаниши учун олиб чиқиб кетилишига ҳар томонлама кўмак беришга ваъда берди.

21 август куни кечқурун Омск шифохонасининг шифокорлари Навальнийнинг рафиқасига маъсулиятни юклаган ҳолда уни Германияда даволаниши учун кетишига рухсат беришди, шу билан бирга “беморнинг аҳволи барқарор эканлигини” таъкидлашди.

Иккинчи сентябр куни ГФР хукуматининг расмий вакили Штеффен Зайберт баёнот бериб, Навальний организмида “Новичок” гуруҳига кирувчи заҳарли кимёвий модда излари топилгани борасида маълум қилди, Германия канцлери Ангела Меркель юз берган ҳодиса юзасидан Россиядан тушунтириш беришни талаб қилди. Россия расмийлари мухолифатдаги сиёсатчининг заҳарланишига алоқаси борлигини мутлоқо инкор қилмоқда. Душанба куни Франция ва Швециядаги мустақил иккита лаборатория Навальний “Новичок” гуруҳига оид заҳар билан заҳарлангани борасидаги Бундесвер лабораторияси мутахассиларининг хулосаларини тасдиқлади.

Германиянинг Charité клиникаси 14 сентябр куни Навальнийнинг аҳволи яхшиланиб бораётганини ва у суньий нафас олиш аппаратидан узилганини маълум қилди. У ўзи мустақил ҳаракат қилмоқда ва шифохона койкасини маълум вақт тарк эта олади.

XS
SM
MD
LG