Ссылки доступа

Қозоғистонлик фаол Ильяшевнинг апелляция аризаси қаноатлантирилмади


Олмаота суди 15 сентябр куни фуқаролар фаоли Альнур Ильяшевнинг илтимосини қаноатлантирмади. У “Нур Отан” партиясини ижтимоий тармоқларда танқид қилганидан сўнг “фавқулотда вазият даврида атайлаб ёлғон хабар тарқатишда” айбланиб эркинлиги чекланган эди.

Маҳаллий ОАВ судья Бектемированинг, хайъат Ильяшевнинг айби «тўпланган материаллар билан исботланди» деган “хулосага келди” деган сўзларини эълон қилди. Унинг айтишича, одамлар коронавирус вазияти фонида “ваҳимада бўлган бир вақтда” фаолнинг постлари «салбий роль ўйнади».

Суд ҳукми эълон қилинишидан аввал биринчи инстанция судида сўроқ қилинмаган уч нафар журналист ва фаол сўроқ қилинди. Апелляция шикоятини уч судья —Бектемирова, Сакенова ва Кияковадан иборат Ҳайъат кўриб чиқди. Жараёнда прокурор Молдашев иштирок этди.

42 ёшли Альнур Ильяшев Олмаота суди томонидан 22 июн куни «фавқулотда вазият вақтида атайлаб ёлғон маълумот тарқатишда» айбдор дея топилган эди. Суд уни уч йил озодликдан чеклаш, 100 соат жамоат ишларига жалб қилишга хукм қилган, шунингдек беш йил мобайнида оммавий ва сиёсий фаолият юритишини тақиқлаган эди.

Бу каби айблов эълон қилинишига унинг Facebookда эълон қилган постлари сабаб бўлди, уларда Ильяшев ҳукумат партияси бўлмиш «Нур Отан»ни танқид қилган. Бу партияга салкам 30 йиллик хукмронлигидан кейин истеъфога кетган, аммо қўлида катта ваколатларни сақлаб қолган Нурсултон Назарбоев раислик қилади. Фаол шунингдек расмийларнинг коронавирус инфекцияси пандемияси билан боғлиқ инқирозга бўлган муносабатини ҳам танқид қилган. Ильяшев апрел ойида ушланган ва икки ой ҳибсда ушлаб турилди. У судда ўзига қўйилган айбловларни инкор қилди ва қамоқхонадан чиққанидан сўнг ҳукм устидан апелляция шикоятини беришини маълум қилди.

Ильяшевга нисбатан чиқарилган ҳукмни АҚШ давлат департаменти ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Amnesty International ташкилоти ҳам танқид қилди. Улар фаолга нисбатан қўйилган айбловни “абсурд” дея атадилар ҳамда фаол “ҳеч қандай жиноят содир этмаганини” таъкидладилар.

XS
SM
MD
LG