Ссылки доступа

COVID-19 учун СЭСга топширилган тест натижаси кечикаётгани учун томографияга навбат кўпайди


Сурхондарё вилоят, Термиз шаҳридаги “Машҳура” тиббиёт марказида компьютер томографияси учун мижозлар тунги соат 3 да навбатга ёзилмоқда.

Клиникадан олинган маълумотга кўра, ўпка ва нафас йўлларини текширтиришни истаган беморлар сони ортмоқда ва клиника кунига 40 беморни текширувдан ўтказишга аранг улгурмоқда.

Сурхондарёлик шифокор ва беморларга кўра, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ва пневмония билан касалланиш ҳолатлари кескин ошган.

Шу боис, ўзида COVID-19 аломатларини сеза бошлаганлар, Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлиги лабораториялари ёки хусусий клиникаларда тест учун навбат кутиш ўрнига, дарҳол ўпкани текширтиришга ошиқмоқда.

Термиз шаҳрининг Бўстонлиқ маҳалласида яшайдиган 29 яшар Дилрабо Йўлдошева 14 сентябрь куни шаҳардаги “Машҳура” тиббиёт марказида компьютер томографиясидан ўтгани ва бунинг учун тунги соат 3 да навбатга ёзилганини айтди.

Дилрабо 8 сентябрда турмуш ўртоғида COVID-19 аломатларини кузата бошлаган, 2 кун сўнгра ўзи, яна бир кун ўтиб укасида иситма кўтарилгач, коронавирусга тест топшириш ҳаракатига тушган.

Унинг айтишича, аввалига эри учун Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлиги Сурхондарё вилоят марказига тест топшириш йўлини қидирган.

Аммо, сўраб-суриштиргач, бунинг учун олдин “Тез ёрдам” хизмати орқали буюртма бериш кераклиги, 2 кун ичида ундан тест учун таҳлил олиниши, натижани эса яна камида 4 кун кутишига тўғри келишини аниқлаган.

- Таниш-билиш қилиб юриб, СЭСга (Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлигининг халқ орасида ёйилган эски номи – таҳр.) тест топширдим. Лекин натижаси чиқавермади. Кейин хусусий клиникага бордим. Улар қондан таҳлил олиб, вирус йўқ, дейишди. Орадан 1 кун ўтиб, иситма укамга ўтди. Кейин хавотир олиб, томография қидиришга тушдик, чунки тестни натижасини кутиб ётсак, пневмония кучайиб кетиши мумкин. Бутун Сурхондарёда битта “Машҳура” хусусий клинкасида ишлаяпти экан. Борсак, эшигига ёзиб қўйибди: “Кечаси соат 3 да келиб, навбат олиш мумкин”, деб. Иситма ичида эрим иккаламиз бориб, машина ичида кутиб, кечаси навбатга ёзилдик. 14 сентябрь куни эрталаб соат 10 да томография қидирдик, қарасак икки томонлама пневмония бошланган.

Дилрабога кўра, Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлигининг вилоят марказига топширилган тест натижаси 14 сентябрь оқшом - таҳлил намунасини топширганидан 3 кун, коронавирус аломатлари кўрина бошлаганидан 6 кун ўтиб чиққан ва унга коронавирус юққани аниқланган. Аммо, бу орада унда иккитомонлама пневмония бошланиб улгурган.

Дилрабо ўзининг ўпкасини текширтирган куни, компьютер томографияси учун 60 дан ортиқ одам навбатга ёзилган рўйхатни кўрганини айтди.

“Машҳура” тиббиёт марказининг ходими, томография учун одамлар тунги соат 3 да навбатга ёзилаётганини тасдиқлади.

“Навбатга кечаси соат 3 дан ёзяпмиз, чунки одам жуда кўп. Кунига 40 тадан ошиқ одамни аппаратга туширмаймиз. Шунга шунақа навбат қилиб қўйилган. Касал жуда кўп. Қолганларини кейинги кунга қолдиряпмиз. Чунки, компьютер қизиб кетаяпти. Ҳаммаси ҳам ўпкасини текширтирадиганлармас, бронхитлар бор, бошини текширтираман, деганлар бор”, деди клиниканинг ўзини таништирмаган ходими.

Унинг айтишича, давлат тизимлари орқали коронавирус тестини вақтида топширолмаган беморлар, хусусий клиникада ўпкасини текширтириб, ўзини ўзи даволашга мажбур бўлмоқда:

“Интернетда ҳозир пульмонологлар бор – бепул тиббий ёрдам бераман, деган. Шуларга телефон қилиб, назначение олиб, уйида даволаниб ётибди. Бундай олганда, пневмония бўлиб қолганларнинг асосий қисми уйида ўзини ўзи даволаяптида. Чунки, давлатни шифохоналарида врач йўқ, пульмонологлар умуман етишмайди. Йўталиб, нафаси қисила бошлаганлар, томография қилдирб, Интернетдан назначение олиб, даволаняпти”.

Ўпкани текширтириш истагида бўлганлар нафақат Сурхондарё балки, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида навбат кутаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Zarmed хусусий клиникаси мижозларни бир ёки икки кун аввалдан навбатга ёзаётгани маълум бўлди.

Маълум бўлишича, бу ерга келаётган мижозлар орасида ҳам ўпка ва нафас йўлларидаги хасталиклардан шикоят қилаётганлар сони ортган.

“Кунига 40 тадан кўп бўлаяпти бизда текширув. Ҳаммаси ҳам пневмониямас, бошқа касалликлар ҳам бор. Лекин, одамларда куз келиши билан ваҳима кучайганда, сал касал бўлса, келиб ўпкасини текширтиряпти”, деди клиника ходими.

Тошкент шаҳрида компьютерли томография қурилмаси билан жиҳозланган қатор хусусий клиникалар ва тиббиёт бирлашмаларида ҳам мижоз фавқулодда кўпайгани, камида 2 соат, кўпи билан 1 кун навбат кутиш керак..

Тошкент шаҳридаги “Тез ёрдам” хизматида ишлайдиган умумий амалиёт шифокорига кўра, бу вазият - COVID-19 учун тест олиш тизимининг эҳтиёжни умуман қоплай олмаётгани оқибатида юзага келган:

“COVID-19 тест топшириш ва унинг натижаси чиқиши Тошкентда ҳалиям камида 10 куни, бўлмаса ҳафталарга чўзиляпти. Мана вилоятлардаям энг тез 4 бўлмаса, 1 ҳафта кутишяпти. Айрим вилоятларда 10 кун. Буни ичида вирус ўпкага ўтиб, икки томонлама пневмония ривожланиб кетаяптида. Шунга ҳамма МСКТ (мультиспирал томография)га югуряпти”.

Бу шифокорга кўра, бундай беморлар сони жуда кўп ва улар, миллиардлаб маблағ ажратилаётган давлат соғлиқни сақлаш тизими статистикасида умуман акс этмаяпти.

Шу кунда, Интернет тизими орқали беморларга бепул ёрдам кўрсатаётган пульмонолог шифокорнинг айтишича, кейинги пайтларда Ўзбекистонда кўпайиб кетган пневмония касаллигини COVID-19 касаллигини келтириб чиқараётган коронавирус инфекцияси қўзимоқда.

Исмини ошкор қилмаётганимиз пульмонолог кузатувларига кўра, ҳозир пневмония ўтган йилгига нисбатан 10 баробарга ошиб кетган.

Шу йилнинг 4 августида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов мамлакатда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани тан оларкан, қолган ўлимлар пневмония, деб ҳисобланаётганини айтган эди.

“Расмий статистикада берилган ўлимлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони ўртасида фарқ бор. Уйида даволанишга ҳаракат қилиб, кейин оғир аҳволда олиб келинган беморлар 1-2 кун ётиб, кейин вафот этадиган бўлса ва келган пайтда қўлида таҳлил (тест) натижаси бўлмаса, яъни клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, улар статистикада коронавирусдан ўлган деб ҳисобланмайди, пневмония бўлиб ҳисобланади”, деган эди Ҳ. Оқилов.

Аммо, расмий ўшанда ҳам пневмонияга чалинган ёки ўлган беморлар сони ҳақида бирор маълумот бермаган. Қўшни давлатлар - Қирғизистон ва Қозоғистонда коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони бирлаштирилган. Бунга пневмонияни ҳам коронавирус келтириб чиқараётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Наманган, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида ишлаётган 10га яқин врачдан олинган маълумотга кўра, вилоятлардаги марказий тиббиёт бирлашмаларида 1 тадан, хусусий клиникалардан эса 1 ёки 2 тадан шундай қурилма бор, Тошкент шаҳрида эса бундай қурилма мавжуд бўлган тиббиёт муассасалари сони 10тадан ортмайди.

Бу қурилма нархи 60 минг АҚШ долларидан бошланиб, 250 – 300 минг АҚШ долларигача баҳоланади.

XS
SM
MD
LG