Ссылки доступа

Навальний заҳарланганидан кейинги илк постини Инстаграмда эълон қилди


Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний 15 сентябрь куни Инстаграмдаги ўз саҳифасида заҳарланганидан кейинги илк постини ёйинлади.

Суратда Навальний хотини ва болалари қуршовида Берлиндаги “Шарите” клиникасида ўтиргани акс этган. Мазкур касалхонага у август ойи охирида муолажа учун олиб келинганди. Мухолифатчи ўз постида “ҳали ҳам мустақил равишда бирор иш қилолмаяпман, бироқ кеча кун бўйи ўзим нафас ола билдим”, деб ёзди.

Германиялик врачларга кўра, Навальнийнинг аҳволи яхшиланишда давом этмоқда. 14 сентябрь куни у ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратидан узилган ва қисқа вақтга ўрнидан тура бошлаган.

Аввалроқ The New York Times газетаси Германия хавфсизлик идораларида ишлайдиган юқори лавозимли манбаси сўзларига таянган ҳолда, Навальний Германияга заҳарланиш ҳодисаси бўйича биргаликда суриштирув олиб боришни таклиф қилган Россия томони билан ҳамкорлик қилишни рад этгани ҳақида хабар қилди. Нашр манбаси мухолифатчи соғайганидан кейин Россияга қайтмоқчи эканини билдирган. “У уйига, Россияга қайтиб, ўз фаолиятини давом эттиришни истаяпти”, деган манба.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Навальнийнинг ватанига қайтишидан ҳамма хурсанд бўлишини билдирган. Айни пайтда Кремль вакили расмийлар “Навальнийнинг аҳволини кузатиб бориш имкониятига эга эмас”лигини қўшимча қилган. Песков Навальний Германиядан қайтганидан кейин унинг президент Владимир Путин ёки президент маъмурият ходимлари билан учрашиш эҳтимоли йўқлигини қайд этган.

Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин Омскда врачлар Навальнийнинг аҳволини обдон ва чуқур тадқиқ қилиб, мухолифатчининг организмида заҳар бўлмаганига оид хулосага келганларини билдирган. Мулозим Россия Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти протоколларига мувофиқ равишда “Новичок”нинг барча захираларини йўқ қилганини қўшимча қилган. Наришкин мамлакат ҳудудида ҳали ҳам “Новичок” захираси борлиги ёки жанговар заҳарловчи моддалар ишлаб чиқарилаётганига оид иддаоларни дезинформация, деб атаган.

14 сентябрь куни Франция ва Швециядаги икки лаборатория Германия илтимосига кўра россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг таҳлилларини текшириб чиқиб, немис врачларининг Навальний “Новичок” гуруҳига кирадиган модда билан заҳарланганига оид хулосаларини тасдиқлаганлар. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Владимир Путинга телефон суҳбатида маълум қилиб, Россия президентидан бу борада изоҳ сўраган.

XS
SM
MD
LG