Ссылки доступа

Кабирий: "Агар биз ҳам Тожикистонда бўлганимизда сайловларни бойкот қилардик" (видео)


 Муҳиддин Кабирий
Муҳиддин Кабирий

Тожикистон Миллий альянси раиси Муҳиддин Кабирий Жорж Вашингтон университетида Марказий Осиёни ўрганиш Дастури доирасида 16 сентябр куни чиқиш қилди.

Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом Уйғониш партияси, Ислоҳотлар ва Тараққиёт учун ҳаракат, Тожикистонда эркин фикрловчилар форуми ва Марказий Осиё мигрантлари ассоциациясини бирлаштирган Тожикистон Миллий альянси раиси Муҳиддин Кабирий Жорж Вашингтон университетида Марказий Осиёни ўрганиш Дастури доирасида 16 сентябр куни чиқиш қилди. У коронавирус шароитида Тожикистондаги сиёсий ва иқтисодий вазият ҳақида маълумот берди ва президентлик сайловлари жараёнини танқид қилди.

Марказий Осиёни ўрганиш Дастури Жорж Вашингтон Университетида АҚШдаги энг йирик халқаро муносабатлар мактаби бўлмиш –Эллиотта номли халқаро муносабатлар Мактабида жойлашган. Бу дастур Марказий Осиё билан боғлиқ нуфузли таҳлилий марказлардан бири ҳисобланиб, сиёсий, илмий, дипломатик ва ишбилармон доиралар учун мулоқот майдонини яратиб беради.

Кабирий чиқишидан кейин Тожикистонда бўлажак сайловлар юзасидан берилган саволларга жавоб қайтарди, мамлакатнинг келажаги юзасидан ўз қарашлари билан ўртоқлашди, коронавирус пандемияси ҳамда Душанбе ва Пекин ўртасидаги муносабатлар юзасидан фикр билдирди.

Тадқиқотчи Себастьян Пейрузнинг агар партия октябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш имкониятига эга бўлса Кабирий қандай чора қўллаган бўларди, дея берган саволига у «агар биз ҳозир Тожикистонда бўлганимизда сайловларни бойкот қилардик», дея жавоб берди.

Тожикистонда фаолияти тақиқланган партия етакчиси ўз сўзини изоҳлар экан, президентлик сайловида мустақил номзодлар йўқлиги ва сайлов олди кампанияси ўтказилиши учун имконият йўқлигини айтди. Тожикистон расмийларининг таъкидлашларича, 11 октябрга белгиланган президентлик сайловлари демократик принциплар ва қонун устиворлигига асосланади.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) президентлик учун 5 номзодни, жумладан амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмонни рўйхатга олди. Номзоди кўрсатилган ҳукмрон партия ва яна тўртта партия амалдаги сайлов жараёнларига биноан сайловларга қўйилди. Ҳукуматга ягона мухолифатда бўлган Социал-демократик партияси сайловларни бойкот қилишга қарор қилди.

Мамлакатда Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг фаолияти тақиқланган, Социал-демократик партия 2013 йилда коалиция тузди ва ягона номзод сифатида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Ойнихол Бобоназаровани кўрсатди. Бобоназарова сайловларнинг биринчи босқичидан ўта олмади, расмийларнинг фикрича, у сайловчиларнинг етарлича имзосини тўплай олмади.

Муҳиддин Кабирий Марказий Осиёни ўрганиш дастурида онлайн-чиқиш қилар экан, Тожикистондаги навбатдаги президентлик сайловининг номзодлари ва ғолиби ҳозирданоқ аниқ эканини, аммо ғолиб ўзига қанча овоз ёзиши номаълум эканлигини айтди. Беларусдаги вазият эътиборга олинадиган бўлса, бу рақам 70-80 фоиз атрофида бўлади.

Эмомали Раҳмон шу кунгача тўрт марта бўлиб ўтган президентлик пойгасида ғолиб бўлган, 1994 йилдан бошлаб у Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 60 фоиз ва кейинги сайловда 80 фоиздан кўп овоз олган. Унинг 1994 йилги сайловлардаги ягона рақиби Абдумалик Абдулложонов ўшанда баёнот бериб, аслида ўзи ғалаба қозонганини, аммо сайлов натижалари соҳтаралаштирилганини айтган эди. Кейинги сайловларда барча рақиблар Эмомали Раҳмоннинг ғалабасини тан олган.

Бу Кабирийнинг Марказий Осиёни ўрганиш Дастури доирасидаги иккинчи чиқишидир. Илк бор Кабирий 2012 йилда Вашингтонда бўлган вақтида чиқиш қилган эди. Иккинчи чиқиши жаҳонда коронавирус пандемияси сабаб онлайн орқали бўлди.

Кабирий 2015 йил сентябрдан бери қочқин сифатида Европада яшайди. Тожикистонда у сиртдан узоқ муддат қамоққа ҳукм қилинган. Расмийлар Кабирий ва унинг ҳаммаслакларини 2015 йилги ҳодисаларга алоқадорликда айблайди, 2015 йилда мудофаа вазирининг ўринбосри иштирокидаги исённи хукумат давлат тўнтаришига бўлган уриниш дея баҳолайди. Кабирий ўзига нисбатан қўйилаётган барча айбловни инкор қилади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг маълумотига кўра, тўғридан тўғри намойиш этилаётган Кабирийнинг чиқиши вақтида Тожикистонда бир соат давомида Интернет узиб қўйилган.

XS
SM
MD
LG