Ссылки доступа

Прокурор Чимкентдаги ҳарбий қисмдан қурол ўғирликда айбланаётганларга узоқ муддат берилишини сўради


Чимкент горнизони ҳарбий судида Туркистон вилояти Ўрдабоши туманидаги “ҳарбий қисмдан қурол ўғрилаш ва сотиш” иши бўйича эшитувлар вақтида ҳарбий прокурор айбланувчиларга беш йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси берилишини сўради, дея хабар беради Азаттиқ мухбири суд залидан.

Бу иш бўйича саккиз киши судланмоқда:

- Кичик сержант Абилай Балгинбай «ички хизматни бажариш вақтида устав қоидаларини бузиш», «қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни ўғирлаш», уларни «ноқонуний ўзлаштириш, бериш, сотиш, сақлаш, олиб юриш ва олиб кетиш»да айбланмоқда, унга шунингдек, «дезертирлик» (“хизматдан қочиш”) айби ҳам қўйилди.

- Қағанат Оринбек, Шингис Шатаев, Санжар Бекжан, Бауиржан Дамиров, Багдаулет Арин, Шадияр Қамбар, Багдаулет Маликлар эса ҳарбий қисмдан қурол ўғирлаш ва сотишда ёрдам берганликда гумон қилинмоқда. Уларга «қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни ўғирлаш», уларни «ноқонуний ўзлаштириш, бериш, сотиш, сақлаш, олиб юриш ва олиб кетиш», шунингдек, қуролларни “қонунга зид равишда олиб юриш, сақлаш, сотиш ва эгалик қилиш” айби қўйилди.

Прокурор Балгинбай 10 йил озодликдан маҳрум қилинишини сўради. Вояга етмаган фарзанди бўлган Оринбек тергов билан ҳамкорлик қилди ва судда баёнот бериб қилган ишидан пушаймон эканлигини билдирди. Прокурор унга беш йил берилишини сўради. Шатаевга - 10 йил қамоқ жазоси, қолганларига саккиз йилдан озодликдан маҳрум қилиш сўралди.

Суд эшитувларида судланувчилар «ҳарбий қисмдан 30 та автомат ва 30 та тўппонча ва ўқ-дорилар» олиб чиққанликлари айтилди. Абилай Балгинбай қисман ўз айбига иқрор бўлди, пушаймонлигини айтиб, суддан ҳукмни юмшатишни сўради. Судланувчилардан айримлари баёнот бериб, ўзларига қўйилган айбга иқрор бўлишмади ва суддан оқланишни сўрадилар. Қолганлар ўз айбларига қисман иқрор бўлишди.

Суд мажлисида жабрланувчи сифатида ҳарбий қисм вакили, судланувчилар, уларнинг адвокатлари, қариндошлари, шунингдек прокурорлар иштирок этди. Жиноий иш 40 томдан иборат.

Шу йилнинг феврал ойида Балам қишлоғидаги 10216 ҳарбий қисмдан ҳарбий хизматчи қочиб кетгани маълум бўлди. Хабарларга кўра, у гўёки ўзи билан 30 та Калашников автоматини, 27 та Макаров тўппончасини ва 429 дона патрон олиб кетган. Кейинроқ ички ишлар вазирлиги бу иш бўйича гумондор қўлга олингани борасида хабар берди.

XS
SM
MD
LG