Ссылки доступа

Журналист Далер Шарифовга шартли равишда муддатдан аввал озод қилиниши рад этилди


Далер Шарифов во время заседания суда района Шохмансур
Далер Шарифов во время заседания суда района Шохмансур

Миллий, ирқий ёки диний низо қўзғагани учун жазо муддатини ўтаётган журналист Далер Шарифовга шартли равишда муддатдан аввал озодликка чиқиши рад қилинди. Бу маълумотни Тожикистон Адлия вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасдиқлади. Рад қилинишининг сабаблари маълум эмас.

Далер Шарифовнинг отаси Абдуманнон Шарифовнинг Радио Озодига айтишича, ўтган ойда журналистнинг саломатлиги ёмонлашгани боис уни шартли равишда муддатдан аввал озод этилишини сўраб мурожаат қилишган.

Шу йилнинг апрелида Душанбе шаҳридагиШохмансур туман суди журналист Далер Шарифовни умумий режимдаги колонияда жазони ўташ шарти билан бир йил қамоққа ҳукм қилган эди. У ўз китобида фаолияти тақиқланган ташкилотларнинг мафкурачилари номини тилга олгани боис ТР Жиноят Кодексининг 189-моддаси («Миллий, ирқий, маҳаллийчилик ва диний низо қўзғаш») бўйича айбдор деб топилди.

Қариндошларининг айтишларича, июл ойи бошларида журналист манзил колонияга ўтказилиши керак эди, аммо ҳамон Яван туманидаги қамоқхонада жазони ўтамоқда. Манзил колонияда маҳбуслар қўриқчиларсиз, аммо колония маъмурияти назоратида бўлади. Улар нафақат манзил-колония ҳудудида, балки ундан ташқарида ҳам оиласи билан яшашларига рухсат берилади. Маҳкумлар ўзлари билан пул олиб юришлари, оддий либосдан фойдаланишларимумкин.

Абдуманнон Шарифовнинг сўзларига қараганда, қамоқхонада ўғли босим остида экан. Унинг айтишича, ўғли озодликка чиққач яна хукуматни танқид қилиши эҳтимоли борасида шаъма қилиб ўтишган. Журналистга ким ва қай тарзда босим ўтказаётгани маълум эмас. Яван колонияси раҳбарияти билан суҳбатлашишга бўлган уринишимиз зое кетди.

Журналист Далер Шарифов шу йилнинг 28 январ куни Душанбеда МХДҚга сўроқ учун чақирилганидан сўнг ушланди. Икки кундан кейин Душанбе шаҳридаги Шохмансур туман суди Шарифовни икки ой муддатга ушлаб туриш учун қарор чиқарди. Унга нисбатан нафрат уйғотиш айби бўйича жиноий иш очилди. Бош прокуратуранинг баёнот беришича, журналист мамлакатда фаолияти тақиқланган “Мусулмон Бирадорлар” ташкилотининг мафкурасини тарғиб қилиш билан шуғулланган (жумладан, 7 йил мабойнида экстремистик мазмунда 200дан ортиқ мақола эълон қилган ва яширин равишда ёшларни жиҳодга ундовчи рисола ёзган).

Тожикиистон хуқуқни ҳимоя қилувчи ННТ ва Журналистлар ҳамжамияти вакилларининг баёнот беришича, Далер Шарифовни бошқача фикрлагани ва амалдаги режимини танқид қилгани учун жазолашган. ЕХҲТ, Amnesty International ва бошқа ҳалқаро ташкилотлар республика расмийларига мурожаат қилиб Шарифов озод этилишини талаб қилдилар. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, кўпинча инсон хуқуқлари, дин мавзусини ёритган ва хукуматнинг бу соҳадаги сиёсатини танқид қилган Шарифовни таъқиб қилиш унинг журналистик фаолияти учун қасд олишга ўхшайди.

Далер Шарифов «Озодагон» ҳафталигининг ходими бўлган ва давлатга тегишли «Сафина» телеканалида ишлаган.

XS
SM
MD
LG