Ссылки доступа

COVID-19га чалинган яна бир раҳбар - Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев Германияда вафот этди


Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев 56 ёшида вафот этди.

Қатор маҳаллий нашрларнинг ҳукуматдаги манбаларига таяниб хабар қилишича, Барноев коронавирусга чалингач, инсультга учраган.

Сўнгра, даволаш учун Германияга юборилган ва ўша ерда вафот этган. Аммо расмий манбаларда бундай тафсилотлар келтирилмади.

Айни вақтда Бухорода дафн маросимига тайёргарлик кўрилаётгани ва президентнинг Бухорога бориши кутилаётгани хабар қилинмоқда.

Ўктам Барноев вафот этгани ҳақидаги маълумотни ЎзА агентлиги 20 сентябрь куни тарқатди.

"Бугун давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев 56 ёшида вафот этди", дея бир жумла хабар берди миллий ахборот агентлиги.

Gazeta.uz нашрининг ҳукуматдаги манбасига таяниб хабар қилишича, сўнгги ҳафта ичида у Германияда даволанган.

Шунингдек,Kun.uz нашри ўз манбаларига таяниб, коронавирусга чалинган марҳум инсультни бошидан кечиргани ва шундан сўнг, бош миясида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Германияга юборилганини хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, ҳукумат мулозими Германияда вафот этган.

Аммо, бу тафсилотлар ҳозирча расмий манбаларда эълон қилинмади.

Шу йилнинг 30 июлида Ў. Барноевда коронавирус аниқлангани ҳамда Akfa Medline клиникасига даволаниш учун ётқизилгани расман маълум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG