Ссылки доступа

Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ходимлари: Ойликсиз ишлаяпмиз


Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) Жиззах вилоят бошқармаси ходимлари Озодлик билан 17 сентябрдаги суҳбатда март ойидан бери ойликсиз ишлаëтганларини айтди.

Уларнинг айтишича¸ ўнлаб олий маълумотли ходимлар ишдан бўшатилган¸ қолганларнинг аксари ойликсиз ишламоқда.

Жиззахлик МИБ ходими штат жадвалидаги ходимларнинг 50 фоизи ойликсиз таътилга чиқарилиб, мажбуран эртадан кечгача ишлатилаëтганлигини иддао қилди.

Ходимлар ойликсиз таътилга чиқарилгани бошқарма баёнотида ҳам тан олинган:

"Мажбурий ижро бюроси органларида ҳам карантин чекловларини инобатга олган ҳолда ишлар масофадан туриб ташкиллаштирилган бўлиб, тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар ихтиёрий равишда ўз ҳисобидан ойлик маошлари сақланмаган ҳолда меҳнат таътилига чиққан ҳамда ушбу таътилдаги ходимлар мажбурий тарзда ишга жалб этилмаганлигини таъкидлашимиз лозим".

Озодлик тасарруфида Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармасида ўтказилган мажлис аудиоси бор. Аудиода бошқарма бошлиғи эканлиги тахмин қилинган овоз соҳиби МИБ ходимларининг ойликсиз ишлаганини эътироф қилиб “бу ватанпарварлик тақозоси ва давлат олдидаги бурчни адо этиш” дея таъкидлайди.

МИБ ходимларининг март ойидан бери ойликсиз ишлатилаëтгани Озодлик қўлига етиб келган аудиода ўз тасдиғини топади.

Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси Жиззах бошқармасида 16 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисда “ Ойликсиз ишлатилган МИБ ходимлари ҳақидаги маълумотни Озодликка ким берди” дея дағдаға қилинади:

“Биз бир оиламиз. Оиладаги муаммо оила ичида ҳал қилинади. Уйдаги гап кўчага чиқарилмайди. Энди штат жадвалидаги 50 фоиз одамнинг ойликсиз таътилга чиқариб ишлатилаëтганига келсак. Мана президентимиз айтганидек пандемия бу уруш даврига ўхшайди. Уруш даврда ота боболарамиз ватан учун ойликсиз ишлашган. Уйидаги бойлигини ҳам танк қуриш учун беришган. Бугун биз ҳам шундай бўлишимиз керак. Ватанимиз¸ давлатимиз қийин аҳволдда турган пайтда ойликсиз ишлаш ватанпарварлик бурчимиздир. Вақтида катта катта ойликни олдикку. Прокурордан ҳам катта ойлик олган вақтимиз бўлди. Бир ойда икки мартадан мукофот пули ҳам олдик. Уйлик машиналик бўлдик. Бугун энди ўша олган ойлигимиз хурматига маошсиз ишлаб турсак бир жоймиз камаядими? Кимдир кечки 12гача ишладим деб шикоят қилибди. Ўзи айбдор. Шу ишни соат 8 гача тугатса бўладику. Бюджетда пул йўқлигини билиб турибсизлар. Ойлик¸ ойлик демасдан сабр қилиб туринглар” дейилади Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси Жиззах бошқармаси раҳбари овози дея ишонилган аудио ëзувда.

17 сентябрь куни Озодлик мухбири Мажбурий ижро бюроси республика бошқаруви ва камида 4 та вилоятида ходимларнинг аксарияти март ойидан бери ойлик ола олмаëтганлигини аниқлади.

Исми айтилмаслиги шарти билан гапирган МИБ нинг Тошкент вилояти бошқармасида ишлайдиган юқори лавозимли аëл “сабр косаси тўлганлигини” айтади:

“Икки олий маълумотим бор. Юридическийни тугатганман. Қибрайдан қатнаб ишлаяпман. Мартдан бери ойлик олмадим. Йўлкира пулни ëнимдан сарфлаяпман. Дорига пул йўқ. Шу иш жойим йўқолмасин деб ишлаяпман. Анча ходимлар пандемия баҳонасида ишдан бўшатилди”

МИБнинг Тошкент туман бўлимидан бўшатилган 35 яшар олий маълумотли мутахассиси гапириб берди:

“Мени меҳнат қонунларига зид тарзда ишдан бўшатишди. Бюджетда пул йўқлиги асос деб олинди. Ишдан бўшаганимдан кейин икки ойлик маош миқдорида моддий ëрдам берилиши керак эди, берилмади. Ишдан бўшатиш штат қисқариш билан боғлиқ бўлгани учун МИБ мени ишга жойлатириши керак эди. Ҳеч ким қайрилибам қарамади. Уйим йўқ. 3та фаразндим бор. Хотиним иккиқат. Ижарама ижара юрибман. Мени ишлатиб ишлатиб ташқарига улоқтирган МИБ раҳбариятидан норозиман”.

Ходимлар бўлими мулозими “бу ходим ишга жойлаштирилиб икки ойлик маош миқдорида моддий кўмак берилишини” ваъда қилди.

Ўзбекистон президенти 18 июнда имзолаган “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6010-сонли фармонига мувофиқ аҳолидан газ ва электр тўловларини ундириш Мажбурий ижро бюроси зиммасидан олинган эди.

Мажбурий ижро бюросининг расмийларидан бири бюджетта ойлик маошга пул етмаслиги билан боғлиқ муаммо “Ундирув” бўлими тугатилганидан кейин ҳам давом этаëтгании айтди:

“Газ, светни ким сотса пулини ҳам ўзлари ундиради. МИБ шуғулланмайди. Коммунал соҳа ва маиший чиқиндилар бўйича ҳам фаолиятимиз тугатилди. Лекин суд хамда бошқа орган қарорларини ижро этиш функция ва вазифаларини давом эттиряпмиз. Ойлик маош берилмагани ходимларимизда мотивацияни камайтирди. Буни тан оламан. Бунинг оқибатида давлат ҳам, жамият ҳам зарар кўрмоқда. Оддий алимент ëки жарималарни ундириш суръати олдингидан сусайди”.

Пандемияга қадар Ўзбекистон МИБ тизимида 14 мингга яқин ходим ишлаган. Мулозимнинг айтишича¸ ишдан бўшатилганлар сони 20 фоиздан сал ошади.

2017 йил 29 майдаги президент фармонига кўра, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти тугатилиб, Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган эди.

XS
SM
MD
LG