Ссылки доступа

Россия Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон билан авиақатновларни тиклади


Россия Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон билан авиақатновларни тиклади, дея хабар берди ТАСС. Аввалроқ бу борадаги фармойиш бош вазир Михаил Мишустин томонидан имзоланган эди.

Бу мамлакатларга парвозлар ҳафтада бир марта мунтазам равишда давлатланинг пойтахтлари – Минск, Нур-Султон ва Бишкекка амалга оширилади. Худди шу талаблар билан 27 сентябрдан бошлаб, Мишустин фармойишига биноан, Россия Жанубий Кореяга ҳам мунтазам парвозларни амалга оширади.

"Мазкур мамлакатларнинг фуқароларига ҳаво ўтиш пунктлари орқали Россияга киришлари учун рухсат берилади. Ўз навбатида россияликлар ҳам бу мамлакатларга бирор бир тўсиқларсиз боришлари мумкин", – дейилади ҳукумат матбуот хизмати тарқатган хабарда.

21 сентябрдан бошлаб халқаро авиақатновлар тиклангани боис олиб чиқиш рейслар дастури тўхтатилади.

Пандемия бошлангандан бери Беларусда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ 76 мингта, Қозоғистонда 107 мингта, Қирғизистонда 45 мингта ҳолат аниқланди. Россияда касалликка чалинганлар сони бир миллиондан ошиб кетган.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери кўплаб мигрантлар Россияда ишсиз ва пулсиз қолиб кетди, шу сабабли улар юртларига қуруқлик йўли орқали қайтишга қарор қилишди. Баҳор ойидан бери Россия-Қозоғистон чегарасида уйга етиб олиш ниятида бўлган Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари тўпланиб қолди, аммо ҳукуматлар Қозоғистон орқали транзит масаласида келишиб олганларидан кейингина уларнинг чегарадан ўтишларига рухсат берилди. Одатда одамлар гуруҳларга бўлинган ҳолда автобус, самолёт ва поездларда олиб чиқилди.

Россия март ойидан бошлаб халқаро парвозларни тўхтатди. Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова баёнот бериб, Россияга авиапарвозлар қайта тикланганидан кейин йўловчилар самолёт салонида ниқоб тақишлари ва қўлқопда бўлишлари лозимлигини маълум қилди. Унинг айтишича, самолётда нафас олиш органларини ва қўлни ҳимоя қилиш бўлади - салон ичи мунтазам равишда тозалаб турилади, ҳаво алмаштирилади.

XS
SM
MD
LG