Ссылки доступа

Аравон туманидаги оммавий муштлашувдан сўнг туман ИИБ бошлиғи ишдан бўшатилди


Жамоат тартибини таъминлашда йўл қўйган камчиликлари учун Аравон туман ички ишлар бўлими бошлиғи ишдан бўшатилди, айрим ходимлар ҳайфсан олди. Бу ҳақда ҚР ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик сайловолди тарғиботи даврида жамоат тартибини сақлаш мухимлигини эслатиб ўтди ва партиялар сайловчилар билан ўтадиган учрашувлари ҳақида ҳуқуқ тартибот идораларини хабардор қилишлари лозимлиги таъкидланди.

Ўш вилоятининг Аравон туманида юз берган ҳодиса факти бўйича судга қадар тергов олиб борилмоқда. ИИВнинг таъкидлашича, айбдор шахслар жавобгарликка тортилади.

Аввалроқ бош вазир Кубатбек Боронов Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига қисқа муддатларда Ўш вилоятининг Аравон туманида иккита сиёсий партия вакиллари иштирокида юз берган ҳодиса бўйича тергов олиб борилишини топширган эди.

20 сентябр куни Ўш вилоятининг Аравон туманида «Мекеним Кыргызстан» партиясидан парламент депутатлигига кўрсатилган номзод билан учрашувда оммавий муштлашув юз берди. Ўш вилоят ИИБ маълумотига кўра ҳодисада юзга яқин киши иштирок этди. Судга қадар тергов бошлаб юборилди. 10 киши милиция бўлимига олиб келинди. Милиция маълумотига кўра, турли жароҳатлар билан шифохонага 12 киши ётқизилди, кейинроқ улар ҳам сўроқ қилинади. 5 та автомобилга зиён етди. Экспертизалар белгиланди, етказилган моддий зарар ўрганилмоқда.

Ижтимоий тармоқ ва айрим ОАВда иккита -"Мекеним Кыргызстан" ва "Биримдик" партиялар тарафдорлари ўртасида юз берган оммавий муштлашувлар ҳақида хабарлар пайдо бўлди, аммо партияларнинг ўзлари бу хабарни тасдиқламади. «Мекеним Кыргызстан» партиясининг хабар беришича, номзоднинг сайловчилар билан учрашуви “кутилмаганда иғвогарлар гуруҳи томонидан барбод бўлди”. «Биримдик» партияси эса иғво айбдорлари қонунга биноан жазоланиши кераклигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG