Ссылки доступа

Олмаотада ёлғон хабар тарқатганликда айбланган амалдор ишдан бўшади


Эпидемия авжига чиққан вақтда дорихоналардаги тақчиллик борасидаги фикрлари танқидларга учраган Олмаота ҳокимнинг ўринбосари Сапарбек Туяқбаев ишдан кетиши ҳақида маълум қилди.

21 сентябр куни ўзининг Facebook’даги саҳифасида қолдирган постида Туяқбаев ўз вақтини бизнесга сарфлашини маълум қилди.

Июлда бўлиб ўтган брифингда Туяқбаев дорихоналардаги тақчиллик борасидаги шикоятларни «хайп» деб атаган ва “бизда ҳамон дори етишмаяпти деган гаплар ва рақамлар нотўғри - бизда дорилар кўп”, дея баёнот берган эди.

«Ваҳимага ҳожат йўқ. Афсуски, ижтимоий тармоқларда айрим одамлар хайп билан шуғулланмоқда», – деган эди 13 июль кунги брифингда.

Касаллик авжига чиққанидан кейин дорихона ва тиббиёт муассасаларда топилмаганидан сўнг кўпчилик дори-дармонларни танишлари ва ижтимоий тармоқлар орқали қидира бошлади.

Олмаотада яшовчи, фуқаролар фаоли Светлана Дружинина кейинроқ полицияга Туяқбаев устидан шикоят аризасини берди ва уни «атайлаб ёлғон хабар тарқатганликда» айблади. У видеотрансляция орқали COVID-19 қарши протоколда қайд қилинган дориларни қидириш мақсадида дорихоналарни айланиб юрганини намойиш қилди. Иккита дорихонада атиги битта препарат топилди, қолганида бирорта ҳам топилмади. Фаол эфир орқали чиқишида Олмаота шаҳар ҳокимининг ўринбосари «препаратлар билан боғлиқ вазиятни мутлақо билмаслиги»ни таъкидлади ва амалдорни ишдан бўшатишга ҳамда унинг давлат хизматига яқинлаштирмасликка чақирди.

Дружинина Олмаота шаҳар ҳокими Бақитжан Сагинтаевга ўринбосарини ишдан бўшатиш ва жиноий жавобгарликка тортиш борасидаги мурожаати эътиборсиз қолганидан сўнг полицияга ариза билан мурожаат қилишга қарор қилди. Полиция фаолнинг аризасини 16 кунлик муддат ниҳоясида рўйхатга олди. Кейинроқ амалдор сўроққа чақирилмагани маълум бўлди. Августда фаол аризани ўз вақтида рўйхатга олмагани ва судга қадар тергов олиб бормагани учун полиция департаменти тергов бўлимини судга берди.

Таниқли қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис фаолнинг амалдорни судга тортиш борасидаги ҳаракатларига изоҳ берар экан амалдорларни “Атайлаб ёлғон хабар тарқатиш” моддаси бўйича жавобгарликка тортилишига шубҳа билан қарашини айтган эди. Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда полиция, прокуратура ва суд идоралари фуқаро ва амалдорларга бир хил муносабатда бўлмайди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар ва юристлар расмийлар Жиноят кодесининг“Атайлаб ёлғон хабар тарқатиш” моддасини фаолар ва ҳукуматни танқид қилувчиларга қарши фойдаланишидан хавотирларини билдирган эдилар.

XS
SM
MD
LG