Ссылки доступа

Қувалик врачлар: COVID-19 марказида навбатчиликка турмаганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда


Фарғона вилояти Қува туманидаги шифокорлар Бегат қишлоғида янги ташкил қилинган COVID-19 марказида навбатчилик қилишга мажбурланаётганидан шикоят қилишди.

Шифокорларнинг иддаосича, туман тиббиёт бирлашмаси мулозимлари навбатчилик қилишдан бош тортганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, марказда тиббиёт ходимлари учун шароит йўқ ва коронавирусдан ҳимояловчи тиббий воситалар етишмаслиги боис навбатчиликка туришни исташмайди.

Айни пайтда Қува туман тиббиёт бирлашмасининг мулозими шифокорлар иддаосини инкор қилиб, шароитлар яхшилигини таъкидлади.

Қуванинг Бегат қишлоғидаги 2-сонли ихтисослаштирилган касалликлар шифохонаси бир ҳафта аввал коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумонланган беморларни даволаш марказига айлантирилди.

Ҳозирда ушбу марказга туманнинг бошқа ҳудудларидан тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида жалб қилинмоқда.

Қувалик врачлар Бегат қишлоғидаги шифохонада шароит ёмонлигини айтяпти.

Қувалик тиббиётчилар иддаосига кўра, улар ўз истакларига қарши равишда COVID-19 марказида ишлашга мажбурланмоқда.

"Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари тумандаги ҳар бир тиббиёт ходими бир ойда 4 кундан Бегатдаги Ковид марказида навбатчиликка туришини талаб қиляпти. Агар навбатчиликка бормасак, ишдан бўшатишни айтишди. Ҳамма ишини йўқотишдан қўрққани учун рози бўляпти”, деди хавфсизлик сабаб исми очиқланмаслигини сўраган қувалик врач.

Бошқа бир қувалик шифокор ҳам ишдан ҳайдалишдан қўрқиб, навбатчиликка рози бўлганини айтди:

“Мен бир сутка навбатчиликка турдим. “Йўқ”, дейишга қўрқдим. Дарров “Аризангни ёз”, дейишади. Лекин энди ўзим касаллик юқтирмаган бўлсам, бўлди. Иситмам бор”.

Қувалик тиббиётчиларга кўра, улар COVID-19 марказида шароит йўқлиги сабаб у ерда ишлашдан қўрқишмоқда.

“Мен навбатчиликка турган куним битта перчатки беришди. Бир сутка шу перчаткида юрдим. Маска умуман беришмади. Ўзим олиб борган маскани тақдим. Махсус кийим беришди. Лекин очки тақмадим. Бир марта тақишга мўлжалланган очки қайта-қайта тақилавериб, иплари ҳам узилиб кетган экан. Шароит жуда ҳам чатоқ. Ҳар 3 соатда алмаштириш лозим бўлган тиббий буюмлар бир сутка давомида ишлатилса, касалликни юқтириш эҳтимоли жуда катта-ку. Шароитини қилиб қўйишса, ишлаймиз. Лекин ҳозир ҳам ўзимизни, ҳам оиламизни хавфга қўйяпмиз”, деди COVID-19 марказида навбатчилик қилган яна бир врач.

Бегат шифохонасида коронавирус юқтирганликда гумонланган беморлар даволанмоқда. Бегат қишлоғидаги шифохона ходимларидан олинган маълумотга кўра, 21 сентябрь куни шифохонада жами 37 бемор бўлиб, уларнинг 4 нафари жонлантириш бўлимида ётибди, 20 сентябрь куни бир бемор икки томонлама зотилжам ташҳиси билан оламдан ўтган.

XS
SM
MD
LG