Ссылки доступа

Ўзбекистон Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини синовдан ўтказишга қизиқиш билдирди


Ўзбекистон Россиянинг “Вирусология ва биотехнология “Вектор” давлат маркази” томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19га қарши вакцинани ҳамкорликда синовдан ўтказишга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда Роспотребнадзор 21 сентябрь куни хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, Роспотребнадзор Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан COVID-19 тарқалишига қарши кураш масалаларини муҳокама қилган.

Видеоконференция шаклида ўтказилган муҳокама пайтида Ўзбекистон “Вектор” маркази томонидан ишлаб чиқарилаётган "ЭпиВакКорона” вакцинасини Россия ҳукумати рўйхатдан ўтказгандан сўнг уни ҳамкорликда синаб кўришга қизиқиш билдирган.

Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши икки компонентли вакцина 11 август куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олгани хабар қилинган эди.

Президент Путин вакцина муваффақиятли синовдан ўтказилгани ва тез орада ишлаб чиқарила бошланишини билдирган. Аммо ғарб давлатлари Россия вакцинасига шубҳа билдирган эди.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги эса 3 сентябрь куни Хитой COVID-19га қарши вакцина клиник синовларининг учинчи босқичида Ўзбекистонни ҳам иштирок этишга чақиргани ва ҳозирда бу масала ўрганилаётганини хабар қилган.

XS
SM
MD
LG