Шу йилнинг апрелида 21-ёшли ўсмир армияга чақирилган ва Мудофаа вазирлигининг Вахдатдаги ҳарбий қисмида хизмат қилган.
Душанбе гарнизони судининг аввалроқ Радио Озодига маълум қилишича, суд жараёнида аскар шифохонага ётиши ва кейин армия сафларидан озод бўлиши учун тўртта нина ютган.
Фаридуннинг Хатлон вилоятининг Кубодиён туманида истиқомат қилувчи қариндошлари суд қарори ноҳақ эканини ва фарзандлари армия хизматидан бўйин товлаш учун нина ютганига ишонмасликларини айтишади.
Фаридуннинг онаси Дилором Зиёвуддинова Радио Озоди билан суҳбатда ўғли армия хизматига қарши бўлмаганини, шу сабабли тўртта нинани ютишига ишонмаслигини айтди.
Унинг сўзларига қараганда, ўғли уйланган ва ягона орзуси уй яқинида хизмат қилиш бўлган. «Ўғлимни Хўжандга олиб кетишди, аслида уйимиз яқинида хизмат қилишини сўраган эдик. Сўнг уни Вахдатга ўтказишди. Бизнинг уйдан Вахдатгача анча узоқ, ўғлим уйлангани боис уйимизга яқин жойга ўтказишларини сўрадик, аммо илтимосимизни бажаришмади», - дейди суҳбатдош.
Онанинг айтишича, шундан сўнг Фаридунни камсита бошлашган. «Уни тўртта нина ютишга мажбурлашган. Кейинчалик ниналар шифохонада олиб ташланди, аммо ўғлимнинг саломатлигида муаммолар пайдо бўлди. Мен судга қадар ўғлимни кўрдим, нима учун бундай қилганини сўрадим, у нимадир дейишга қўрқди, фақат армия хизматидан бўйин товламаганини айтди», - дея қўшимча қилади она.
Фаридун хизмат қилган ҳарбий қисм вакили Фаррух Табаровнинг Радио Озодига айтишича, Фаридунга шафқатсизларча муносабатда бўлинмаган. Унинг сўзларига кўра, аскар хизматдан бўйин товлаш учун нина ютган, шу сабабли жиноий иш қўзғатилди.
Ҳукм қилинган аскар онасининг айтишича, ўғлининг адвокати бўлмаган ва уларга суд жараёнида иштирок этишга рухсат берилмаган, шу сабабли бу иш бўйича кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда.
Душанбе гарнизони ҳарбий суди раиси Хотам Ражабзоданинг Радио Озодига айтишича, аскар устидан суд жараёни очиқ бўлган, аммо қариндошлари суд мажлисига келмаган. Унинг сўзларига кўра, ишга адвокатнинг жалб қилинишга бирорта тўсиқ бўлмаган, аскарнинг ўзи адвокат хизматидан воз кечган.
Фаридун Зиёвуддинов устидан ҳукм 10 сентябрда эълон қилинди ва аскарнинг оиласи юқори инстанцияга шикоят қилмоқчи.
Тожикистонда армияга чақириқ бир йилда икки марта - баҳор ва кузда бўлади, 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган минглаб ёшлар мажбурий ҳарбий хизматга чақирилади.