Ссылки доступа

Қозоғистонда парранда гриппи: 100 минг парранда нобуд бўлди, 5 миллион парранда эмланади (видео)


Қозоғистоннинг тўртта минтақасида парранда гриппи авж олди. Расмийлар фермерларга бозор нархида товон тўланишини ва паррандаларнинг катта қисми эмланишига ваъда берди. Ветеринария назорати фермерлар нобуд бўлган паррандаларнинг гўштини савдога чиқармаслигига кафолат бермоқда.

Птичий грипп: поражены уже 4 региона Казахстана
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:03:27 0:00

Парранда гриппи икки ҳафта муқаддам Шимолий Қозоғистон вилоятида авж олди: айнан шу минтақада уй паррандаларининг оммавий тарзда нобуд бўлиши қайд қилинди. 21 сентябр куни Қозоғистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги яна учта вилоятда вирус қайд қилингани борасида хабар берди. Расмий маълумотларга кўра, хўжаликлардаги умумий йўқотишлар камида 100 минг паррандани ташкил қилади, аслида бундан-да кўп бўлиши мумкин, чунки фақат уй паррандаларигина нобуд бўлмаган. Тадқиқотларга кўра, айни дамда шимолдан жанубга йўл олган ёввойи паррандалар ҳам нобуд бўлган.

Амалдорларнинг ишонтириб айтишларича, айни дамда ветеринария хизмати барча зарур чораларни кўрган. Паррандалар нобуд бўлган вилоятларда карантин эълон қилинди, туманлараро ҳаракатлар тўҳтатилди, кириш ва чиқиш жойларига блокпостлар ўрнатилиб ветеринария мутахассислари навбатчилик қилмоқда. Ветеринария назорати амалдорларининг ишонтириб айтишларича, касалланган паррандалар гўштининг дўконлар ва бозорлар пештахталарига чиқарилиши мумкин эмас: мутахассислар келиб тушаётган маҳсулотлар устидан мунтазам мониторинг ўрнатган.

Ветеринария назорати мутахассисларинингг айтишларича, касаллик одамларга хавф туғдирмайди.

"Вирус инсондан инсонга юқмайди. Жуда ҳам кам ҳолларда касаллик паррандалардан одамларга юқиши мумкин, шунда ҳам касал ёки ўлик парранда билан бевосита контактда бўлгандагина юз бериши мумкин, –дейди Қозоғистон маҳсулот ва хизматлар устидан назорат ва хавфсизлиги Қўмитаси раҳбари Тимур Султангазиев. – Касалликнинг парранда маҳсулотлари, гўшти ёки тухумидан юқиши билан боғлиқ фактлар йўқ. Айтиш керакки, бугунги кунда парранда гриппи одамлар ўртасида йўқ".

Вакцинология халқаро маркази директориҚайсар Табинов ҳамкасбининг сўзларини қўллаб-қувватлайди. Унинг фикрича, инсонлар парранда гриппига чалиниши мумкин, аммо бу камдан кам ҳолларда бўлади, шунда ҳам овқат орқали юқмайди. Шу сабабли, агар дўкон пештахталарига касал парранданинг гўшти чиққудек бўлса, маҳсулот етарлича ишланган тақдирда у хавф туғдирмайди.

Врач-эпидемиолог Рафаиль Қипшақбаев бошқача фикрни айтади: унинг фикрича, вирус мутатцияга эришди ва парранда гриппига нафақат маҳсулотлар орқали чалиниш, балки касаллик инсондан инсонга юқиши ҳам мумкин.

"Аввалига парранда гриппи инсондан инсонга юқмайди, деган фикр мавжуд эди. Бироқ сўнги хабарларга кўра, вирус мутатцияга учраган ва инсондан инсонга юқиши мумкин, – дейди Қипшақбаев. – Шу сабабли бу ҳолатда кескин назорат ўрнатиш лозим, чунки вирус нобуд бўлган парранда кўринишида биологик материал тарқалиб кетиши керак эмас".

Қишлоқ хўжалик вазирлиги қишлоқ аҳлига парранда гриппидан кўрилган зарарни қоплашга ваъда берди, товон пули бозор нархида тўланади. Парранда гриппи қайд қилинган минтақаларга республика аксилэпизоотик отряди мутахассислари жўнаб кетди, улар ўта хавфли касалликлар ўчоқларини бартараф этиш масалалари билан шуғулланадилар. Бугунги кунда уларга беш миллион паррандани эмлаш учун республика заҳирасидан бир ярим миллион доза вакцина берилди.

XS
SM
MD
LG