Олий ўқув юртлари администрациясининг таъкидлашича, барча талабалар санитар қоидаларига риоя қилмагани учун шу каби қадамлар қўйилишига мажбур бўлинган.
Тожик Миллий ва Аграр университетларининг бир гуруҳ талабалари Радио Озоди билан суҳбатда, ўтган ҳафтада мажбурий ниқоб тақишлари борасида тилхат олишганини, акс ҳолда жаримага тортилишларидан огоҳлантирилганликларини айтишди.
Талабаларнинг сўзларига қараганда, улар ниқобни ўқув биноси ичкарисида ва ташқарисида ҳам тақиб юришлари керак экан. Шунингдек, улар икки метрлик жисмоний масофа сақлашлари лозим. Ўз номларини ошкор қилишни истамаган талабаларнинг айтишларича, бу қоидаларга амал қилмайдиган бўлсалар жаримага тортиладилар ёки ўқишдан ҳайдаладилар.
Тожик Миллий университети ректори Қобилжон Хушватзода талабалардан тилхат олинганини тасдиқлади, аммо ўқишдан ҳайдалиш ҳақида гап бормаётганини билдирди. ТМУ ректори 22 сентябрь куни: «Бизнинг мақсад – огоҳлантириш, ўқишдан ҳайдаш эмас. Бу вазият яхшилангунга қадар кўриладиган вақтинчалик чорадир», деди.
Аграр университети ходимлари ҳам Радио Озодига талабалардан санитар қоидаларига риоя қилиш борасида тилхат олганликларини айтишди.
Мазкур таълим даргоҳи вакили Манучехр Мирафшозоданинг айтишича, ниқоби йўқ талабалар тушунтириш ёзадилар, иккинчи марта шу ҳолат содир бўлса «талабага нисбатан чора кўрилади». Қандай чоралар ҳақида маълумот берилмади.
Аграр университетидагиларнинг хабар беришича, аудиториялардаги дарслар масофа сақланган ҳолда олиб борилади. «Агар авваллари бир партада икки талаба ўтирган бўлса, энди бир нафардан ўтказилмоқда», - деди суҳбатдош.
Тожикистон ўқув муассасалари худди бозор ва жамоат транспорти каби одамлар тўпланадиган жой ҳисобланади, яъни мутахассисларнинг фикрича, COVID-19 тарқалиши хавфини оширади. Мамлакат Таълим ва фан вазирлигининг фармойишига кўра, пандемия шароитида ўқув муассасалари ижтимоий масофани сақлаши ва дарсларни уч сменада олиб боришлари керак.
Айрим талабаларнинг айтишларича, бу каби талабларга ҳамма олий ўқув юртларида амал қилинмаяпти. Радио Озоди томонидан сўровда иштирок этган талабалардан айримлари ниқоб тақиш назорат қилинаётган бўлишига қарамай, аудиторияларда ҳамон зич ўтиришганини айтишди.
Тожикистонда жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий, қоидани бузувчилар жаримага тортилади. Аммо аҳоли буларнинг ҳаммаси расмиятчилик эканини, деярли ҳеч ким қонуннинг бу меъёрига амал қилмаётганини айтишади.
Тожикистон расмийлари мамлакатда коронавирус инфекцияси мавжудлигини апрель ойи сўнгида тан олдилар, кейинроқ барча ўқув юртларининг ўқувчилари одатдагидан аввалроқ таътилга чиқарилди, шу сабабли янги ўқув йили аввалроқ, яъни 17 августда бошланди. КОВИД-19 тарқалиши хатарини камайтириш мақсадида масофадан ўқитиш таклифи ҳам берилди, бироқ Интернет тезлиги сустлиги ва аҳолининг ҳаммаси ҳам Интернетдан фойдалана олмаслиги билан боғлиқ муаммо пайдо бўлди.
Тожикистонда 40 та олий ўқув юрти бўлиб, уларда 200 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади.