Ссылки доступа

Туркманистонда шлеми йўқ велосипедчилар жаримага тортилмоқда


Туркманистон (иллюстратив фото)
Туркманистон (иллюстратив фото)

Мари полицияси шаҳар кўчаларида велосипедчиларга қарши рейд ўтказди, ушланганлар полиция участкасига олиб борилди ва жаримага тортилдилар.

Жаримага тортилган велосипедчиларнинг Азатлиқ радиосига айтишича, нима учун жаримага тортилганликлари юзасидан берилган кўплаб талаблардан сўнг жарима шлем йўқлиги учун олинганини айтишган.

«Ўтган дам олиш кунлари, жумладан якшанба куни, шаҳар полиция бўлимининг Ўғузхон кўчасидаги биносига ушланган ўнлаб велосипедчилар олиб келинди. Ҳар бири 50 манатдан жаримага тортилди», - дея хабар берди 21 сентябрь куни Азатлиқнинг маҳаллий мухбири. Полиция бўлимига олиб борилган кўплаб велосипедчиларнинг мухбиримизга айтишларича, аввалига нима сабабдан ушланганликларини билишмаган, чунки полиция ҳеч нарса демаган.

«Кўпчилик, наҳотки, эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномаси оламиз ёки давлат имтиҳонини топширамиз? деган саволни беришди», дейди ушланган велосипедчи. Унинг айтишича, полиция ходимлари ҳаммага жарима ёзиб бўлгач, орадан анча вақт ўтиб велосипедчиларга бошларида шлем бўлмагани учун жарима ёзилганини айтишган.

Полиция ходимлари ушлаганларни жарима биринчи бор 50 манат, иккинчи гал 150 манат, учинчи гал 250 манат бўлишидан огоҳлантирган, яъни ҳар гал жарима 100 манатдан ошиб бораверади.

Туркманистон МБ курси бўйича 3,5 манат - $1.

Азатлиқ мухбирлари ва улар билан суҳбатлашган велосипедчиларнинг айтишларича, велосипед бошқараётганда шлем кийиш борасида жорий қилинган янги тартиблар борасида аввалдан огоҳлантирилмаган. Шундан келиб чиқиб, якшанба куни ушланган велосипедчилар ўз эътирозларини полиция ходимларига айтишди.

«Жаримага тортилганлардан бири янги талаблар мавжудлигини ҳеч ким билмаслигини айтди. «Бу борада ҳеч биримиз билмасдик. Бирор бир эълон берилмади. Шу сабабли бемалол юрдик. Бу қоидалар ҳақида аввалдан хабардор қилишнинг имкони йўқмиди, наҳотки биринчи гал жаримасиз қўйиб юборишнинг имкони бўлмаса? Кейинги гал ҳаммамиз шлемда бўлардик. Ҳукуматдан ҳамма нарсани кутиш мумкин. Шуни айтиш керакки, эндиликда велосипедда лицензиясиз юриб бўлмайди». - дейди ушланган велосипедчилардан бири Азатлиқ мухбирига. Унинг айтишича, норозилик билдирган киши ҳамманинг кўз ўнгида бошқа хонага олиб чиқилган.

Азатлиқ радиоси Мари шаҳар полиция бошқармасидан велосипед бошқаришдаги янги талаблар ва ушланган велосипедчининг кейинги тақдири бўйича маълумот ололмади.

XS
SM
MD
LG