Ссылки доступа

Макрон Шинжонга БМТ шафъелигида миссия юборишга чақирди


Франция президенти БМТ шафъелигида халқаро миссия шакллантирилиб уни Хитой шимолий-ғарбидаги кам сонли уйғурларга нисбатан бўлаётган муносабатлардан хавотир уйғотаётган Шинжонга юбориш таклифини берди.

Президент Эммануэль Макрон сешанба куни БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида, “Хитойдаги мусулмон уйғурлар аҳволи ҳаммамизни хавотирга солаётганини эътиборга олиб” Франция шу каби миссия тузиш илтимоси билан чиқади, деди.

Айтилишича, Шинжонда бирмиллиондан ортиқ уйғур ва ислом динига эътиқод қилувчи бошқа туб миллат вакиллари “сиёсий тарбиялаш лагерларига” жойлаштирилган. Пекин бу муассасаларни «таълим марказлари» дея атайди ҳамда экстремизм ва терроризмга қарши кураш мақсадида тузилганини иддао қилади.

Уйғурлар Шинжондаги энг йирик турк тилли халқдир, улардан кейинги ўринда қозоқлар туради. 2017 йилдан бошлаб ислом динига эътиқод қилувчи турк тилли туб халқ вакиллари камситилаётгани, уларнинг (уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа халқлар) вакиллари концентрацион лагерларга, ёки «сиёсий қайта тарбиялаш лагерларига» юборилаётгани айтилади. Бу лагерларда қийноққа солиш, зўрлаш ва бошқа суиистъемолчиликлар борасида ҳам хабарлар келиб турибди.

Танқидчиларнинг фикрича, Шинжондаги озчиликни ташкил қилувчи халқлар ҳуқуқларига оид вазият замонавий дунёнинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг оғриқли долзарб муаммоларидан бири бўлиб турибди.

Яқинда Вашингтон мусулмон-уйғурларга қилаётган муносабати учун Хитойга босимни кучайтирди.

XS
SM
MD
LG