Ссылки доступа

Қашқадарёда "пахта сабаб" танбеҳ эшитган маҳалла ходимаси ўз жонига қасд қилишга уринди


Шахноза Баҳромова касалхонада. 23 сентябрь куни олинган сурат.
Шахноза Баҳромова касалхонада. 23 сентябрь куни олинган сурат.

Қашқадарë вилояти Косон туман “Боғишамол ” МФЙ ходими 45 яшар Шахноза Баҳромова жорий йилнинг 23 сентябр эрталаб ўз жонига қасд қилишга урингани ортидан туман касалхонасига ëтқизилди.

Касалхонада ҳушига келган Баҳромова ҳодисада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Қашқадарë бошқармаси ходимларини айбламоқда. Унинг иддао қилишича, қўшимча теримчилар жалб қилмагани учун дакки егани ортидан сирка ичиб, ўз жонига қасд қилишга уринган.

Махаллий мулозимлар эса Баҳромованинг гапини "ноўрин" ва "ҳақиқатдан узоқ" дейишмоқда.

Сирка ичиш олдидан Баҳромова “Тумандаги пахта мажбурий меҳнати билан боғлиқ холатга исëн сифатида” ўз жонига қасд қилгани ҳақида мактубда ëзиб қўйган.

Мактубдан парча: “Нега давлатга халқ пахта йиғим теримида керак бўлиб қолади? Солиқ тўловчи халқку! Халқ йўл сўраганда¸ свет сўраганда¸ газ сўраганда¸ адолат сўраганда давлат томоша қилиб туради. Сохта далолатнома тузиб “зўр- зўр” дейишдан чарчадим. Косон туманимизда мажбурий меҳнат “қаттиқ” харфлар билан эмас “юмшоқ” харфлар билан ҳамон давом этмоқда....Мен ҳамма нарсадан¸ ҳаëтдан ҳам чарчадим. Ëлғон яшашни тўхтатинглар. Мен ëлғон яшашга чек қўйяпман.”

Уч варақли мактубда пахта сафарбарлиги ҳақида мана бу жумлалар ҳам бор :

“ Уч йилдан бери маҳаллада ишласамда¸ ҳокимият айтган топшириқларни хокимият хохишидагидек¸ ҳатто ундан зиëда қилиб бажарсамда Косон туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Нодира Қодирова томонидан очиқчасига телеграмдан ишламаганга чиқарилдим. Мажбурий меҳнат йўқ дейсизлар. Пахтага тарғибот ўтқазиб одам чиқармаганлигим сабабли мен қораландим. Имкони бўлса оддий халқ ўзи учун чиқиб теряпти. Мен уларга нималардир ваъда бериб мажбурий пахтага чиқара олмайман. Телеграмдаги беписандликлар пахтага одам олиб чиқмаганим учун бўлди”

23 сентябр куни эрталаб қизи тарафидан касалхонага олиб келинган Баҳромова хушига келганидан кейин куннинг иккинчи ярмида Озодлик билан суҳбатлашиб “Пахта теримидаги мавжуд отрядларга қўшимча яна янги теримчи топиш бўйича Косон тумани ҳокимининг ўринбосари Нодира Қодировадан дакки эшитганидан тушкунликка тушиб ўз умрига нуқта қўйишга қарор қилганлигини" таъкидлади.

Косон тумани ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Нодира Қодирова Баҳромовага ҳеч ким босим ўтказмаганини таъкидлади.

Унинг айтишича, туманда пахта сафарбарлиги билан боғлиқ мажбурий меҳнат "умуман йўқ".

“Мен воқеани эшитибоқ касалхонага бориб, Баҳромованинг ҳолидан хабар олдим. Баҳромованинг ўғли фирибгарликда айбланиб, иши судда. Ўғли қамалганидан тушкунликка тушганини айтиб, ëрдам сўради. Мен лавозимим тақозоси билан фақат МФЙ рахбарлари билан гаплашаман. Бу аëлга теримчилар шакллантириш бўйича топшириқ бермаганман. Телеграмда умумий қилиб, вояга етмаганлар пахтага сафарбар қилинмасин, деган вазифани ҳамма қаторида у кишига ҳам йўллаганман. Бор гап шу.”

Косон тумани ҳокимининг ўринбосари Нодира Қодирова Телеграм тармоғи орқали теримчилар сонини кўпайтириш ҳақида 21 сентябрда йўллаган кўрсатма нусхаси бор.

Баҳромова ëтган касалхона врачларнинг айтишича¸ беморнинг аҳволи қониқарли¸ барча муолажалар ўз вақтида тизимли бажарилмоқда.

“Беморнинг тиббий баëнномаси”да Косон туман Қўйбоғ маҳалласида яшовчи бемор Шаҳноза Бахромованинг “ўзи мурожаат қилгани” ва “ўзи юра олиши” айтилади. Баëнномада беморда дориларнинг ножўя таъсири кузатилмагани таъкидланади.

XS
SM
MD
LG