Вафот этган курсантнинг қариндошлари бу ҳукмга рози эмасликларини айтишмоқда. Шунингдек, МХДҚ зобитларининг қариндошлари ҳам суд ҳукмидан норози эканликларини билдиришди.
Чегара билим юртнинг ўқув ротаси икки командири– Рамазон Абдураҳимов ва Жаҳонгир Давлатовга нисбатан ҳукм 22 сентябр куни ўқилди. Уларга нисбатан “хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” ва “мансабини суиистеъмол қилиш”айблари қўйилди.
Судьянинг сўзларига қараганда Зафаробд туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли Ҳошимжон Сафаров 2018 йил август ойида Олий чегара билим юртининг биринчи курсига курсантликка қабул қилинган ва дала машқларига юборилган, бу ерда мазкур ўқув юртининг икки нафар ўқитувчиси томонидан калтакланган, бу ўз навбатида «курсантнинг ўлимига сабаб бўлган».
Ишни олиб борган судьянинг айтишича, ҳар икки айбланувчи ўзларига қўйилган айбга иқрор бўлмаса-да, иш материаллари ва далиллар уларнинг айбдор эканини исботлади ҳамда Абдураҳимов ва Давлатов Сафаровнинг ўлимида айбдор деб топилди. Айбдорларга нисбатан 2019 йилги амнистия акти қўлланилди ва уларнинг муддати учдан бир қисмга камайтирилди.
Бу қарор марҳум курсантнинг қариндошларининг эътирозига сабаб бўлди. Уларнинг айтишича, айбдорларга берилган муддат унчалик катта эмас ва шу сабабли апелляция шикоятини беришади. Ҳошимжоннинг отаси Абдураҳмон Сафаров 23 сентябр куни Радио Озодига айтишича, фарзандларининг қотилларига нисбатан жазо кескинлаштирилишини сўрашади.
Ўз навбатида айбланувчиларнинг адвокат ва қариндошлари Олий чегара билим юртининг икки зобитининг айбсиз эканлигини ва улар Ҳошимжоннинг ўлимига айбдор эмаслигини таъкидлашмоқда.
Суд мажлисидла судланувчиланинг адвокатлари курсант калтакдан эмас, балки касаллик туфайли вафот этганини айтишди. Бироқ, судья ҳукм ўқилаётганида Сафаров Хошимжон ўқишга киришдан аввал комиссиядан ўтганини ва тиббий хулосага кўра хизматга яроқли эканини маълум қилди.
Радио Озоди шу йилнинг март ойида курсантнинг ўлими иши бўйича Душанбе гарнизони судида эшитувлар бошлангани борасида хабар берган эди. Ўшанда “хар икки зобит айбдор эмаслигини ва ўзларига қўйилган айбловлар асосга эга эмаслигини» айтганлари маълум қилинган эди.
Марҳум Сафаров оиласининг адвокати Ўғулой Бобоеванинг айтишича, ўз ҳимоясидаги курсантнинг ўлимига калтаклар сабаб бўлган, мархум Ляур ўқув марказида зобитлар томонидан калтакланган.
Курсантнинг ўлими билан боғлиқ иш ҳужжатида, унинг нусхаси Радио Озоди ихтиёрида бор, таъкидланишича: «Биринчи курс курсантлари Ляур ўқув марказига дала машқлари учун олиб борилганида Ҳошимжон Сафаров 2- взвод командири Рамазон Абдураҳимов томонидан калтакланган. Командирнинг фикрича, Сафаров дала машқларидаги вазифани нотўғри бажарган. Калтак вақтида Сафаров бошидан жароҳат олган ва шифохонага олиб борилган, 10 кун ўтиб вафот этган».
Радио Озодининг хабардор манбасининг айтишича, «ўқитувчилар бир неча бор ўзларининг айбсиз эканликларини айтишган. Уларнинг сўзларига қараганда, Сафаров энцефалит (бош миясининг шамоллаши)туфайли шифохонага олиб борилган ва шу касаллик туфайли вафот этган».
Сафаровнинг отасининг айтишича, ўғли август ойида ҳарбий билим юртига ўқишга кирган ва ундан аввал тиббий кўриклардан бир неча бор ўтган, бу хулосага кўра у бутунлай соғлом бўлган.