ЕИ натижалар соҳталаштирилгани боис уни тан олмайди, ҳамда шундан келиб чиққан ҳолда 23 сентябрда бўлиб ўтган инаугурация ва Александр Лукашенко даъво қилаётган мандат демократик қонунийликдан холидир. Ҳозирги вазиятда ЕИ Беларус билан ўз муносабатларини қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жозеп Боррелнинг баёнотида таъкидланади.
Лукашенконинг инаугурацияси сайловлардан сўнг тинч намойишлар ўтказаётган Белорус халқининг катта қисми иродасига зиддир ҳамда мамлакатдаги сиёсий инқирозни янада чуқурлаштириб юборади, дейилади баёнотда. "Биз ҳукумат томонидан репрессияга қарамай демократия ва ўз ҳуқуқлари йўлида тинч намойиш ўтказаётган белорус халқи мардлигидан таъсирландик ва ҳайратда қолдик". Европа Иттифоқи белорус фуқароларининг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатуви остида эркин ва адолатли сайловлар орқали ўзларига президент сайлаш ҳуқуқини қўллаб қувватлайди, дейилади баёнотда.
Чоршанба куни Минскдаги Мустақиллик саройида Лукашенконинг президентлик лавозимига киришиш тадбири бўлиб ўтди. Инаугурация маросими ҳақида аввалдан хабар берилмаган эди. Давлатга тегишли БелТа агентлигининг хабар беришича тадбирда бир неча юз киши – амалдорлар, депутатлар, ОАВ раҳбарлари, илм-фан, спорт, маданият намоёндалари иштирок этди.
Белорус президентлигига мухолифатчи собиқ номзод Светлана Тихановская Александр Лукашенконинг яширин инаугурациясини "фарс" дея атади.
Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида Лукашенко инаугурациясига қарши оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтди. 250 дан ортиқ киши ушланди, уларнинг 200 нафари Минскда қўлга олинди, бу ерда милиция намойишчиларга қарши сув сепувчи мосламалардан фойдаланди.