Ссылки доступа

Туркманистонда Мустақиллик куни муносабати билан 800 дан ортиқ маҳбус авф қилинди


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Мустақиллик куни байрами муносабати билан 800 дан ортиқ маҳбусни авф қилди. Давлат телевидениесининг хабар қилишича, амнистия тўғрисидаги президент фармони 24 сентябр куни видеоконференция режимида ўтказилган ҳукумат мажлисида имзоланди.

Фармонга кўра, 815 нафар маҳбус, жумладан хорижий давлатнинг уч фуқароси озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги ва маълум жойда жазони ўташни давом эттириш кўринишида қамоқдан озод қилинади.

Туркманистон президенти ҳар йили турли байрамлар муносабати билан бир неча бор амнистия эълон қилади. Сўнгги бор Бердимуҳамедов Қадр кечаси муносабати билан 1400 дан ортиқ маҳбусни авф қилган эди.

Аммо сиёсий ва диний айбловлар билан туркман қамоқхоналаридаги юзлаб маҳбуслар президент авфига тушмайди.

Кузатувчилар Туркманистон қамоқхоналари тўлиб кетганини таъкидлашади. Қамоқхоналарни ўрганиш Халқаро марказининг маълумотларига кўра, ҳар 100 минг аҳолига махбуслар сони бўйича Туркманистон АҚШ ва Сальвадордан кейин учинчи ўринда туради. 2017 йил сўнгидаги маълумотларга қараганда туркман қамоқхоналарида ҳар100 минг аҳолига 552 нафар маҳбус тўғри келади, маҳбусларнинг умумий сони 30452 нафарни ташкил қилади.

Шунингдек, амнистия президент обрўсини кўтариш усулларидан бири сифатида кўрилади.

Бундан ташқари, Туркманистонда озодликдан маҳрум қилиш жойларида маҳбусларнинг бедарак йўқолиш ҳолатлари ҳам учрайди. “Уларни тирик кўрсатинг!” халқаро кампаниясининг маълумотига кўра, Туркманистон қамоқхоналарида 120дан ортиқ киши бедарак йўқолган. Бедарак йўқолганлар рўйхатида таниқли мухолифатчилар ва сиёсий сабаблар ва коррупция айби бўйича қамалган собиқ юқори лавозимли амалдорлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG