44 ёшли Саидмуҳаммад, 33 ёшли Саидҳасан ва 25 ёшли Саидмуҳаммади иши бўйича суд мажлиси яқин орада бошланади, дея таъкидлади манба. Шу билан бирга «Ахбор» сайти 22 сентябр куни руҳонийнинг катта ўғли Саидмуҳаммад 25 йил колонияга ҳукм қилингани борасида хабар тарқатди. Бироқ, Саид Қиёмиддин Ғозийнинг рафиқаси Ражабгул Мусулмонова бу хабарни инкор қилди. «Мен тез-тез фарзандларим учун СИЗОга овқат олиб бораман. Ҳукм ҳозирча чиқарилмади, мен бундан хабардор бўлардим», деди она Радио Озоди билан суҳбатда.
Саидмуҳаммад, Саидҳасан ва Саидмуҳаммади 17 ва 19 июлда ушланган эди. Расмийлар таниқли руҳонийнинг фарзандлари нима сабабдан ушлангани юзасидан ҳамон изоҳ бермайди. Радио Озодига маълум бўлишича, Саидмуҳаммад давлатга хиёнатда айбланмоқда, у 20 йил қамоққа ҳукм қилиниши мумкин. Манбанинг айтишича, терговнинг фикрича, Саид Қиёмиддин Ғозийнинг катта ўғли икки нафар тожик талабасига Эрон визасини олишга ёрдам берган. Саидҳасан ва Саидмуҳаммади, бошқа бир манбанинг айтишича, экстремизмда айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Эшон Сайид Қиёмиддин Ғозий (Ғозиев) 2017 йилноябрида Россия ва Тожикистон махсус хизматлари томонидан Санкт-Петербургда ўғирланган ва Хўжандга олиб келинган эди. «Халқ генерали» устидан суд жараёни ёпиқ режимда бўлиб ўтди. 2018 йил май ойида Тожикистон Олий суди Саид Қиёмиддин Ғозийни 25 йил қамоққа ҳукм қилди, у миллий, ирқий, этник ва диний низо қўзғашда, ватанга хиёнатда ва зўрлик билан конституцион тузумни ағдаришга даъват қилганликда айбдор деб топилди. Кейинроқ руҳоний устидан чиқарилган ҳукм 18 йилга туширилди. Бироқ, руҳоний 2019 йил май ойида Вахдат колониясида юз берган исён вақтида ўлдирилди.
Саид Қиёмиддин Ғозий 1992 йилда коммунистик тузумга қарши демократик-ислом мухолифати тўпланган Душанбедаги «Шаҳидон» майдонидаги нотиқлардан бири эди. У норасмий равишда «генерали мардуми» («халқ генерали») деб аталарди. Тожикистонда фуқаролар уруши бошланиши билан Ғозий Афғонистонга ўтиб кетди ва у ерда Бирлашган тожик мухолифати билан ҳамкорлик қилди. 1997 йилда Умумий тинчлик ва миллий яраш битими имзоланганидан кейин таниқли руҳоний ватанга қайтди ва Миллий Яраш Комиссиясининг аъзоси бўлди. Тинчлик борасидаги Умумий келишувни ҳаётга татбиқ этгани боис «Шараф» ордени билан тақдирланган.