Ссылки доступа

Ўзбекистонда фарзандини интернет билан таъминламаган ота-она жазоланиши мумкин


Онлайн мактаб тизимида боласини ўқитаётган ота-оналардан болаларини масофавий таълим учун зарур шароит - Интернет алоқаси, компьютер ёки мобил телефон билан таъминлаш талаб қилинмоқда.

8 та давлат идораси томонидан қабул қилинган қарор ва унга тиркалган иловада талабни бажармаган ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси билан (жарима) жазоланиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Бу ҳужжат ҳақида ўз муносабатини билдирган ота-оналар ва мактаб ўқитувчилари уни бажариш имконсиз бўлган мантиқсиз талаб, дея баҳолашмоқда.

Қарорда 2020-2021 ўқув йилида мактабларда ўқиш жараёнини, COVID-19 пандемияси даври талабларига мос шаклда, ташкил қилиш тартиб-қоидалари ва бу тартибни сақлаш чоралари белгиланган.

Ҳужжатда мактаблардаги ўқиш, ота-оналарнинг ҳоҳишига кўра анаъанавий, онлайн ёки аралаш шаклда олиб борилиши айтилган.

Ҳужжат мазмунига кўра, фарзандини уйида - масофавий таълим тизимида ўқитадиган ота-оналар - бунинг учун зарур шароитни яратиб бериши лозим, акс ҳолда улар жазоланиши мумкин.

Ҳужжатда қайд этилишича, маҳалла органлари уйма-уй юриб, ўқувчиларнинг уйда қандай дарс олаётганини ўрганиши, назорат қилиши, натижани мактаб раҳбариятига билдириши лозим:

"фуқаролар йиғини раислари уй шароитида масофавий таълим олаётган вояга етмаганлар ота-оналарга бериладиган тавсиялар тўгрисидаги 2-иловага мувофиқ эслатма варақасини тарқатади".

"Эслатма варақаси"да масофавий таълим учун уйда зарур шароит - YouTube, Телеграм, Facebook ижтимоий алоқа воситалари орқали онлайн дарс олиш ва бунинг учун Интернет алоқасига уланиш ва боланинг мобил телефон орқали синф раҳбари билан боғланиш имкониятини яратиб бериш ота-оналар зиммасида экани айтилган.

Эслатмада юқоридаги талаблар бажарилмагани тақдирда, болалар анъанавий таълимга жалб этилиши, мажбуриятини бажармаган ота-оналар эса Маъмурий жавобгарлик кодексининг 47-моддасига биноан (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик - таҳр.) жазоланишидан огоҳлантирилган.

Ушбу моддада "базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима ёки такрор содир этилгани тақдирда, 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.

Навоий, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидаги бир неча ўқитувчи ҳамда мактаб раҳбарларининг айтишича, ҳужжат мактаб директорлари, 8 та давлат идораси қуйи бўғинлари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига тарқатилган.

Жумладан, Навоий вилояти Халқ таълими тизимида ишлайдиган ходимнинг айтишича, ҳужжат бу вилоятдаги мактаб директорларига Телеграм каналларида тарқатилган.

"Мактаб директорлари маҳаллалар билан бирга иш олиб боряпти бу бўйича. Масофавий таълимдаги болаларнинг кунлик давомати, уйга вазифаларни бажариши Kundalik.com сайти орқали тўлиқ назоратга олинган. Биз шаҳар жойдамиз, Интернет алоқа яхши, шунинг учун ҳозирча давомат яхши. Лекин, қишлоқлардаги вазиятни билмадим тўғриси", деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозима.

Тошкент шаҳридаги ҳукумат идораларидан бирида ишлайдиган мулозим ҳам бу қўшма қарор матни жамоатчиликка ошкор қилинмагани, қуйи бўғинларга ижро учун берилганини айтди. Бу мулозимга кўра, ота-оналарга мўджалланган "Эслатма варақалари" ҳам таълим муассасаларига тарқатилган.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги мактаб ўқитувчисига кўра, унинг мактабидаги ўқитувчиларнинг Телеграм тармоғидаги каналига бу ҳужжат 8 сентябрь куни ташланган.

Исми ошкор этилишини истамаган ўқитувчи ушбу ҳужжат билан ҳукумат масофавий таълим учун шароит ва бунинг учун зарур сарф-ҳаражатни, бу таълим турини, гўёки ўз ихтиёри билан танлаган ота-оналарга юклаб қўйган:

"Мен масалан ҳам ўқитувчиман, ҳам онаман. Бу ҳужжат билан масофавий таълимга кетадиган харажат ўқитувчи ва ота-онасининг ўзига юклаб қўйиляпти. Мен масалан, масофавий дарс ўтиш учун Интернетга ўзим пул тўлаяпман - қўл телефонимга 60 минг, уйимдаги телефонга 99 минг сўм. Менга ўхшаб, ота-она ҳам ҳамма ҳаражатни ўзи тўлаяпти. Тўғри, ҳозир бутун дунёда масофавий таълим. Лекин шароит, маошлар даражаси буни кўтармайдида. 6 ойдан бери карантин бўлса. Энди бунинг учун Маъмурий кодекс билан жарима тўлайсиз, деб жазо белгилаш - ҳақсизлик!"

Халқ таълими вазирлиги бу йил COVID-19 пандемияси даврида бошланган ўқув йилида ота-оналарга 3 сценарийдан бирини танлаш ихтиёри берилганини билдирган эди: анъанавий (мактабда), онлайн (уйда) ва аралаш (мактаб ва уйда) таълим усули.

Вазирлик айни мақсадда сўров эълон қилган ва ота-оналардан ўзларига маъқул таълим турини танлашни сўраган эди.

Халқ таълими вазири мамлакат бўйлаб умумтаълим мактаблари 14 сентябрь куни очилиши мумкинлиги ҳақида 25 август куни маълум қилган.

22 сентябр ҳолатига мамлакат бўйлаб 10 мингга яқин мактабнинг 44 фоизи очилган, қолганидаги ўқувчилар масофавий шаклда дарс олмоқда.

XS
SM
MD
LG