Озарбайжон Бош прокуратураси ҳабарида Нафталан туманида арман ҳарбийлари томонидан берилган артиллерия зарбаси оқибатида бир оиланинг 5 аъзоси ҳалок бўлгани маълум қилинди. Аввалроқ, озарбайжон қишлоқларида 19 кишининг жароҳат олгани айтилган эди. Якшанба куни эрталаб Озарбайжон ҳарбийларининг ҳужум ҳаракатларининг бошланиш сабаби арман кучлари томонидан назоратдаги Тоғли Қорабоғ томонидан уюштирилган отишмалар дея кўрилмоқда.
Ўзини Мустақил дея эълон қилган Тоғлиқ Қорабоғ расмийларининг таъкидлашларича, отишма оқибатида икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, 30дан ортиқ киши жароҳатланди. Арман томонининг қайд қилишича, 50 дан ортиқ аҳоли пункти, жумладан минтақа пойтахти Степанакерт озарбайжон дронлари ва артиллерияси томонидан ҳужумга учради.
Арман томони шунингдек, Тоғли Қорабоғ қуроли бирлашмалари жангчилари ўртасида йўқотишлар бўлгани ҳақида хабар берди - таъкидланишича 16 киши ўлдирилди ва 100га яқин киши жароҳат олди. Унинг маълум қилишича, Озарбайжон томониданкатта йўқотишлар бор. Ҳозирча Озарбайжон томони йўқотишлар ҳақида расман маълумот бермади.
Озарбайжон ҳарбийларининг хабарларига кўра, биринчи соатларда бир нечта аҳоли пунктлари ва тепаликларни қўлга киритишга муваффақ бўлинди, шунингдек, Варденис-Мардакерт шоссеси ажратиб қўйилди. Арман томони бу хабарни инкор қилади.
Озарбайжон ҳарбийларининг Тоғли Қорабоғ минтақасига ҳужуми якшанба куни эрталаб бошланди – озарбайжон қўмондонлиги бу хужумларни "контрҳужум" дея атамоқда, ҳамда арман кучлари томонидан бўлган ҳужумларга қарши зарба эканлигини таъкидламоқда. Қорабоғни тинч йўллар билан барқарорлаштириш бўйича воситачи-давлатлар, жумладан Россия жанглар тўхтатилишига чақирмоқда.
Бу галги кескинлик – 2016 йилдан бери кузатилаётган кенг қамровли экани таъкидланмоқда.