Ссылки доступа

"Шуҳрат" орденли Ғаниевнинг можароли шуҳрати (видео)


Шухрат Ганиев.

25 сентябрь куни Фарғона вилоятининг 52 яшар ҳокими Шуҳрат Ғаниев Бош вазирнинг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади.

Ғаниевни яхши билган фарғоналик журналистнинг Озодликка айтишича¸ "Шуҳрат Мадаминович ўз табиатига кўра кризис даврининг жасур менежеридир".

"Ҳарбий комендантларга хос хусусият бу. Шуҳрат Мадаминовичнинг тортмасида табел пистолети турганини ўз кўзим билан кўрганман. Пистолетнинг ëнида десант қўшинлари армия альбоми ҳам турган эди. Масалани тез ва эффектив ва маъмурий босим билан¸ баъзан қонунни айланиб ўтиб ечиш у кишига хос хусусият. Ишчи кучи кўп ва ер ўта оз¸ диний низолар доимий мавжуд бўлган¸ этник таркибига кўра кўп миллатли Фарғона вилоятида биринчи раҳбар бўлиш фавқулодда қийин. Аммо Шуҳрат Мадаминович бу ишни мавжуд шароитларда нисбатан қониқарли адо қилди”,- деди суҳбатдош.

Шуҳрат Ғаниев 2012 йилда Фарғона вилояти ҳокимлигига тайинланганидан буён ўтган 8 йил мобайнида ўнлаб можаро марказида қолди. Бу жанжаллар таърифи Шавкат Мирзиëев иқтидорга келган 2016 йилдан бошлаб ўзбек блогосфераси мундарижасидан доимий ўрин ола бошлади.

Жорий йил январида "Америка овози" мухбирига берган суҳбатида Ғаниев “ўзини мазах қилган¸ ўзи ҳақида салбий мақола ëзган ëки аудиосини тарқатган бирор блогерни таъқиб қилмагани ва махсус қидиртириб, жазо бериш истаги ҳам йўқлигини “ айтган эди.

Аммо жорий ой бошида Фарғона вилоят ҳокими ишдан олинишини талаб қилган сўхлик блогернинг қамоққа олиниши, норозиларнинг сўроқ қилингани ортида Ғаниев тургани айтилади.

Фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимовага кўра¸ “Ғаниев ҳеч қачон журналистларнинг дўсти бўлмаган. Доимо журналистларни таъқиб қилган. Мажлисларда уларнинг баъзи мавзуларида савол беришини тақиқлаб қўйган".

“У кишининг кўп қариндошлари Фарғонада маъсул лавозимларда ишлайди. Укаси ўғит сотиш билан боғлиқ шубҳали схемаларни амалга ошириб келади, деган гумонлар бор. Ғаниев вилоят журналистикаси¸ халқ таълими ва ижтимоий соҳага бирор ҳисса қўшгани йўқ. Ўзидан ëмон от қолдирди. Бу ëмон от қолдиришга унинг матбуот хизмати ҳам ҳисса қўшди”, - дейди Шарифа Мадраҳимова.

2018 йилнинг январида ўтказилган видеоселектор пайтида вилоят ҳокими Ғаниев тошлоқликларни “ҳароми” дея ҳақоратлайди ва уларнинг хаж сафарига боришига тақиқ қўйганини айтади.

Бу дашном 2018 йилнинг 18 январида Россияга кетаëтган автобусда тошлоқликларнинг ëниб кетгани муносабати билан айтилган эди.

Орадан 6 ой ўтгач, 2018 йилнинг 21 июнида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиëев Фарғона вилояти ҳокими ҳақида салбий фикр билдиради:

«Фарғона вилояти ҳокимидан нима учун норозиман. Унинг ёнига икки одамимни олиб бориб қўйдим. Акмал Ортиқовни, Тешаевни (Иқтисодиёт вазири ўринбосари Акмалхон Жўрахонович Ортиқов вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга биринчи ўринбосар, собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Шуҳрат Жўрақулович Тешаев қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинланди - таҳр.) Кечирасизлару, Фарғона вилояти ҳокими - катта бир колхоз раисидек. Мен бундай одам билан ислоҳот қила олмайман. Қила олмайман".

2019 йилнинг 2 августида Мирзиёев Риштон тумаидаги уй бузилишларда "вилоят ҳокими айбдор" дея Ғаниевни танқид қилади.

“Ўтиниб-ўтиниб" сўралган узр...

2019 йилнинг 3 августида Шуҳрат Ғаниев “Ўзи йўл қўйган камчиликлар учун” матбуот орқали узр сўрайди.

Орадан бир ой ўтиб, 2019 йининг сентябрида Озодлик Шуҳрат Ғаниевнинг “соқол қўйган эркак ва ҳижобли аëлларни сўкиб ҳақорат қилганига” оид аудиони ëйинлайди.

Ҳокимлик матбуот хизмати аввалига бу аудио "ëлғон"дея рад этади, аммо масала Олий Мажлис Сенати Регламент ва этика қўмитаси кун тартибига чиққанидан сўнг, ҳокимлик бу воқеа ҳақиқатан бўлганини тан олади.

Сенат муҳокамасида Шуҳрат Ғаниев айбини тан олиб, "ўтиниб-ўтиниб" узр сўрайди. Сенат қўмитаси Ғаниевга “қаттиқ хайфсан” бериб, уч ойлик синов муддати тайинлайди.

Орадан бир ой ўтиб, Ғаниевнинг Ўзбекистон сайлов тизими ҳақида гапирган гапи овоза бўлади. 2019 йилнинг октябр ойида Ғаниев ҳокимлик мулозимларига қарата: “Ўзбекистонда депутатлар юқорининг буйруғи билан тайинланади. Улар сайланмайди”, дейди. Ўзбекистон МСК бу баëнотнинг асоссиз эканлигини айтиб, раддия беради.

2019 йил охирида Озодлик Ғаниевга оид яна бир аудиони ëйинлади. 2 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишидан ëзиб олинган аудиода Ғаниев Қувада газ йўқлигига норозилик билдириб, автомобиль йўлини тўсиш воқеасини ижтимоий тармоққа қўйган шахснинг “жанозаси ўқилмагани” учун Қува тумани ҳокимини тергайди.

2019 йил давомида жанжаллар гирдобида қолган Ғаниев ўша йил сўнгида Ўзбекистон президенти фармони билан “Меҳнат шуҳрати" орденига лойиқ кўрилади.

XS
SM
MD
LG