Ссылки доступа

Фарғонада ҳоким алмашиши биланоқ Андижон билан боғловчи энг қисқа магистрал йўл очилди


Фарғона ва Андижон вилоятини боғлаб турган энг қисқа магистрал йўлдаги блокпостлар, вилоят ҳокими ўзгариши билан, олиб ташланди.

Қува тумани ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб, Daryo.uz нашрининг хабар қилишича, вилоятлар орасидаги Қува-Асака, Шаҳрихон-Қува йўлларидаги блокпостлар 26 сентябрь куни олиб ташланган.

Расмий хабарда айтилишича, йўл Асака-Қува йўлининг еттинчи километри, Шаҳрихон-Қува йўлининг бешинчи километридаги таъмирлаш ишлари якунига етгани учун очилган.

Аммо, бу йўл муаммоси юзасидан қайта-қайта мурожаат қилган водийликлар, "йўл Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг бир томонлама буйруғи билан ëпиқ қоляпти" деб шикоят қилган эдилар.

15 августдан мамлакат миқëсида карантин чекловлари юмшатилганига қарамай, бу магистрал йўл шу вақтгача ëпиқ турди.

Оқибатда, водийнинг икки гавжум шаҳри орасида қатновчи аҳоли ва тадбиркорлар Ëзëвон чўлидан айланиб ўтишга мажбур бўлаётган, йўлкира кескин ошган, деҳқонларнинг олди-бердиси учун жиддий қийинчилик туғилганди.

25 сентябрь куни, Фарғона вилоятини 2011 йилдан бери бошқариб келган Шуҳрат Ғаниев Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ўтказилди.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров эса Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

XS
SM
MD
LG