Ссылки доступа

Туркманистон шарқида юқори синф ўқувчиларини пахта теримига жалб этишди


Лебап вилоятининг Фарап туманида юқори синф ўқувчилари мажбурий тартибда пахта термида қатнашишни бошладилар. Бу ҳақда Озодлик радиосининг Лебапдаги мухбири хабар қилади.

«Фарапда 9-10-11 синфлар ўқувчилари ҳар куни пахта теришмоқда. Улар тўлиқ бўлмаган иш кунида ишлашмоқда. Агар ўқиш 13:00 да бошланса, улар 7:30 дан 12:00 гача ишлашади. Агар машғулот 7:30 да бошланса, улар пахтани 13:00 дан кечки 19:30 гача теришга мажбурлар.

Амалдорлар терилган ҳар бир килограмм пахта учун 20 тангадан ваъда қилмоқдалар», - дея хабар қилади 24 сентябр куни Озодлик мухбири.
Бюджет ташкилотлари, шу жумладан, ўқитувчиларга таяниб мухбирнинг хабар қилишича, талабаларни пахта теримига жалб этилишининг сабаби ишчи кучининг етишмаслигида. Маҳаллий давлат корхоналари ходимлари бошқа, Керки ва Койтендоғ туманларига пахта теришга жўнатилган.

"Бюджет ходимларининг етишмовчилиги туфайли туманда ўқувчилар пахта термоқда. 12,18 ва 23 мактаб ўқувчилари асосан пахта теримига жалб этилган", дея хабар беради мухбир.

Унга кўра, Фарап чегара қалъаси аскарлари ҳам пахта теримида қатнашмоқда: «Улар 10 та гуруҳга бўлиниб, навбати билан пахта термоқда. Улар Фарапнинг барча қишлоқларида кўчма палаткаларни ўрнатмоқда ва тунда пахта теримида тунаб қолишмоқда".

Ўз навбатида мухбирнинг хабар қилишича, ҳосилни йиғишга ишчи куни жалб этилишига қарамай, далаларда пахта кам. «Экин кеч қолгани сабабли далалар ғўза баргларини йиғиш учун қайта ишланмаган. Гарчи октябрь яқинлашаётган бўлсада, кўплаб туманларда пахта чаноғи ҳамон очилмаган», - дейди у.

Айни пайтда Озодлик радиосининг Марий вилоятидаги мухбири аҳолидан пахта терими учун пул йиғиш давом этаётганини хабар қилмоқда. Бюджетчилар пахта термида ё ўзлари қатнашиши ёки ёлланма ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашлари шарт.

«Агар бюджетчиларнинг ҳар бирини пахта теримига боришни мажбур қилишган экан, улар кунига 30 манатдан пул тўлашлари, агар уларни кечаси билан тунаб қолишга мажбурлаган бўлсалар, у ҳолда 10-15 кун учун сумма 500 манатни ташкил этади. Идоралар раҳбарлари йиғилган пулларни маҳаллий маъмуриятга топширмоқалар", дея хабар қилар экан, Озодлик мухбири бу пулларга муниципалитетлар фермерларга кўмак кўрсатиш учун пахта терувчиларни ёллашга йўналтиришга мажбурлигини қайд этади.

Айни пайида Озодлик мухбири билан суҳбатлашган фермерларнинг сўзларига кўра, маъмуриятга мурожаат қилган фермерларга одамлар етишмаётганлигини айтишмоқда.

Туркманистонда пахта йиғим-терими 9 сентябр куни Ахал, Балкан, Лебап ва Марий вилоятларида бошланди. Иқлим шароити сабабли шимолий Дашогуз вилоятида пахта теримига 16 сентябрь куни киришдилар. Анъанавий равишда мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳар йиллик пахта терим кампаниясига шахсий “фатвоси”ни беради.

Бундан ташқари, пахта далаларига кўчалардан тиббий ниқоби бўлмагани учун ушланганлар ҳам жўнатилган. Мамлакатда ниқоб тақиш мажбурий. Аммо, расмийларнинг иддао қилишича, расман COVID-19нинг бирор-бир ҳодисаси қайд этилмаган.

Қатор йиллар мобайнида халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари гуруҳлари, шунингдек, АҚШ Давлат департаменти Туркманистонни мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатидан фойдалангани учун танқид қилиб келишади.

XS
SM
MD
LG