Ссылки доступа

Польша 5 нафар тожикистонликни депортация қилди: улар терактлар учун одам ёллашда гумонланмоқда


Польша “Ислом Давлати” экстремистик гуруҳи билан алоқадорликда ва Польша ҳудуддларида терактлар учун поляк ва украинларни ёллашда гумон қилинган Тожикистоннинг беш фуқаросини депортация қилди, дея хабар берди Radio Poland.

Шу йилнинг май ойида тўрт нафар тожикистонлик ушланган эди. 2019 йил декабрда Польшадан қочиб кетган гуруҳнинг бешинчи аъзоси аксилтеррор хизматлари халқаро ҳамкорлиги натижасида қўлга олинди.

Польша Ички хавфсизлик Агентлигининг маълум қилишича, у жиҳод учун Сурияга кетишни ва “Ал Қоида” билан боғлиқ террор ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни режалаштирган эди.

Депортация қилинганидан сўнг уларнинг ҳаммасига Польша ва Шенген зонасига аъзо мамлакатлар ҳудудларига кириш тақиқланади.

Бу терроризмда айбланган Тожикистон фуқароларининг биринчи депортацияси эмас.

4 август куни Албания Германияга ИД аъзолиги ва терактга тайёргарлик кўришда айбланган 24 ёшли Тожикистон фуқароси Комрон Зухуровни топширди. Мамлакат прокуратурасининг баёнотига қараганда, Зухуров АҚШнинг Германиядаги муассасаларига ҳужум қилишни режалаштирган.

Июн ойида Тирана суди Комрон Зухуровни Тожикистонга эмас, балки Германияга экстрадиция қилди. Судьянинг фикрича, у Тожикистонда ноҳақ судга тортилиши ҳамда қийноқ ва қўпол муносабатларга дучор бўлиши мумкин экан.

Албания полицияси 30 апрел куни баёнот бериб, Терроризмга қарши кураш бошқармаси Тожикистон фуқороси Комрон Зухуровни Интерпол билан ҳамкорликда ўтказилган амалиёт вақтида ушлаганини маълум қилди. Полициянинг таъкидлашича, ушланган шахс ўзининг шериги биоан буюртма қотилликни амалга ошириш учун Албанияга келган.

ГФР расмийлари 15 апрел куни бир гуруҳ Тожикистон фуқаролари қўлга олинганини маълум қилди, улар Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ўлкаси ҳудудларида теракт уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумон қилинди. "Бўлажак ҳужумларнинг мақсади АҚШ кучларининг Германиядаги муассасалари ёки алоҳида олинган фуқаролари бўлган. Жумладан, уларнинг фикрича, исломни ошкора танқид қилувчи шахсларни ўлдириш режалаштирилган", - дея ўшанда баёнот берган эди Германия полицияси.

XS
SM
MD
LG