Ссылки доступа

К. Алламжонов ўзбек матбуоти яқин-яқингача фақат И. Каримов учун хизмат қилганини эътироф этди


Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.

Ўзбекистонда матбуот фақат битта инсон учун, ўша пайтдаги давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган.

Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов 28 сентябрь куни Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш куни муносабати билан ўтказилган халқаро онлайн-конференцияда билдирди.

Ўзбекистонда ахборотдан эркин фойдаланиш имконияти яқин-яқингача аянчли аҳволда бўлган. 2016 йилга қадар ўзбек журналистикаси “кома” ҳолатига тушиб қолган эди. Ўлиб-ўлмаган, яшаб-яшаб кетмаган. Телевидениеда фақат бачкана мақтовлар, газеталарда фақат “жаннатдан хабарлар” ёритилар эди.

Бу ҳозир кулгилидир, лекин, афсуски, ҳолат худди шундай бўлган. Давлат аҳолига керак бўлган маълумотни эмас, балки ўзи тўғри деб билган маълумотларни тарқатиш билан шуғулланган. Бутун матбуот фақат битта инсон учун, ўша пайтдаги давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган”, дея иқтибос келтирди К. Алламжонов сўзларидан Кун.уз нашри.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раисига кўра, И. Каримов вафотигача Ўзбекистон матбуотида одамлар ташвишлари ва муаммолари деярли ёритилмаган, журналистларнинг дардини фақат аноним шаклда бирор ижтимоий тармоқда қолдиришдан бошқа иложи бўлмаган.

Ўз сўзи давомида К. Алламжонов ўтган тўрт йил мобайнида мамлакатда матбуот сезиларли даражада эркинлашгани, журналистлар мамлакатнинг реал ижтимоий-сиёсий ҳаётидан олинган воқеаларни бемалол ёритадиган бўлганини қайд этган.

Нотиқ ҳукуматни танқид қилгани учун илгари тақиқ остида бўлган кўплаб хорижий сайтлар блокдан олинганини ҳам қўшимча қилган. Дарҳақиқат, ўтган йили Ўзбекистонда "Би-Би-Си" Ўзбек хизмати, "Америка овози", "Centre1", "Ferghana Agency", "AsiaTerra" ва бошқа хорижий янгилик сайтлари блокланмай қўйган, аммо "Озодлик" радиоси ва бошқа мустақил нашрларга ҳамон тўсиқ қўйилмоқда.

XS
SM
MD
LG