Бу қишлоқда яшовчи ўқувчи Мадина Аҳмаджон, ўз қишлоғида мактаб бўлмагани боис қўшни қишлоққа бориши ва қайтиши учун кунига 10 сомони сарфлаганини айтади.
«Ҳар куни эрта туриш ва 11 километр узоқликдаги мактабга бориш оғирлик қиларди. Бу муаммо бартараф этилиб, қишлоғимизда мактаб қурилганидан хурсандмиз», - дейди ўқувчи қиз.
Мадина каби ўқувчилар қишлоқда минглаб бўлиб, эндиликда улар икки сменада ўз қишлоқларида таълим олишади. Бунинг учун мактабда 28 та ўқув синфи ва фаоллар зали бор. Ўқувчиларнинг ота-оналари мактаб қишлоқ аҳолисининг илтимосига биноан қурилганини айтишади.
Янги мактабга тўрт набираси борган Муҳаббат Бақоеванинг айтишича, бу каби муаммо бу қишлоқнинг ўн иккита маҳалласида бор эди.
«Айрим ҳолларда болалар машиналар тагида қолиб кетарди. Шу сабабли биз аёллар маҳаллий администрацияга бир неча бор мурожаат қилиб, мактаб қурилиши билан боғлиқ муаммони зудлик билан ҳал қилинишини сўраганмиз», - дейди Муҳаббат.
Навандарсой қишлоғида 5 мингдан ортиқ ва унинг атрофида эса 3 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади, уларнинг кўпчилиги икки тилда - ўзбек ва тожик тилларида гаплашадилар. Шу сабабли янги мактабнинг 50 нафар ўқитувчиси икки тилда дарс ўтади.
Спитамен туман маъмурияти бош мутахассиси Абдуллозода Алимардоннинг айтишича, «ота-оналарнинг илтимосига кўра ўқувчиларнинг учдан бир қисми ўзбек тилида, қолганлари тожик тилида ўқитилади.
Мактаб очилишида иштирок этган Ўзбекистон таълим вазири Шерзод Шерматов ўзбек тилида чиқиш қилган ўқувчиларга юксак баҳо берди ва ўзбек томонни қуриб берган мактаб яхшилик аломати эканини таъкидлади.
«Мен бу каби тадбирда илк бор иштирок этаяпман, чунки мамлакатларимиз тарихида Ўзбекистон биринчи марта Тожикистонга мактаб қуриб берди. Масалан, 5-6 йил аввал ҳеч ким мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бу каби яхши бўлишига ишонмас эди. Бу ҳамкорлик алоқаларининг бошланиши, деб умид қиламан. Биз учун қўшнилар билан мустаҳкам алоқалар, жумладан таълим соҳасидаги ҳамкорлик асосий мақсаддир», - деди Шерматов.
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар 1994 йилдан кейин совуқлашди ва 25 йил мобайнида кескинлигича қолди. Фақат 2016 йил собиқ президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин хокимиятга Шавкат Мирзиёев келиши билан муносабатлар яхшилана борди.