Ўн кун муқаддам маҳаллий нашрлар Андижон вилоятида қатор туман ҳокимлари, жумладан Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов, Пахтаобод тумани ҳокими Махсуджон Бозоров ва Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев пневмониядан даволанаётгани, улар орасида Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев ҳам борлиги ҳақида хабар қилган эдилар.
ЖССТ тавсияларига қарамай, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳамда COVID-19 юқиши натижасида юзага келган пневмонияга чалиниш ҳолатларини яхлит статистик маълумотлар кўринишида бирлаштириш шу пайтгача амалга ошган эмас. Шу важдан пневмонияга чалинганлар ва бу касалликдан вафот этганларга оид рақамлар расмий статистикада акс этаётгани йўқ.
“Юксалиш” ҳаракати 29 сентябрь кунги ўз баёнотида коронавирус инфекцияси бўйича расмийлар томонидан эълон қилинаётган статистикага ишонч йўқолаётганини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигини Ўзбекистонда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида фуқароларни тўлиқ ва холис ахборот билан таъминлаб бориш, хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг аниқ кўрсаткичлари ва ўчоқлари, уйда даволанаётган одамлар, вафот этганлар сони кўрсатилган кунлик батафсил ҳисоботларни эълон қилиб бориш, COVID-19 юқиши натижасида келиб чиққан пневмония ҳолатларини ва коронавирус инфекциясини яхлит статистик маълумотлар кўринишида бирлаштириш, шу жумладан пневмонияни юқтирган ва унинг оқибатида вафот этганлар сонини тақдим этиш, Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоларининг тўлиқ рўйхатини жамоатчиликка тақдим этиш, фуқароларни эпидемиологик вазият ҳақида хабардор қилишга қаратилган брифинг ва матбуот анжуманларида вазирлик ва идоралар раҳбарияти даражасидаги ваколатли шахслар, Республика махсус комиссияси аъзоларининг иштирок этишини таъминлашга чақирган.