Ссылки доступа

Волгоградда тўпланиб қолган ўзбекистонлик муҳожирлар ватанига етказилди


Россиянинг Волгоград вилояти Волжск туманида тўпланиб қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг 800 нафари 29 сентябрь куни Приволжск темир йўли поезди билан Тошкентга жўнатилди. Бу ҳақда ТАСС Приволжск темир йўли расмий вакилига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтлишича, 25 сентябрь куни ҳам бу ердан 900 нафар ўзбекистонлик ватанига жўнатилган. Волжск-Тошкент йўналиши бўйича навбатдаги темир йўл қатнови 1 октябрга режалаштирилган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистонга қайтолмай тўпланиб қолган муҳожирлар Волжскдаги мусулмон маданий оқартув марказида бошпана топган эдилар. Озодлик бу ҳақда 29 сентябрда хабар берган эди.

“Ҳозир марказда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси қолди. Шаҳар ҳокимияти, меҳр-мурувват ташкилотлари, барча диндаги бефарқ бўлмаган одамлар уларни овқат билан таъминлашга кўмак кўрсатди. Марказга каравотлар ва матраслар олиб келинди. Айни пайтда биз ватанига қайтмоқчи бўлган одамларнинг янги гуруҳини кутиб олишга тайёрмиз. Уларнинг сони қанча бўлади, улар қачон келишади-бу фақат эртага билинади”,-деб айтган Волгоград вилояти муфтийси Абдулла Хожи.

Аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари” махсус поезди 27 сентябрь куни Россиянинг Самара вилояти Кинель аҳоли пунктида тўпланиб қолган ўзбекистонликларнинг охирги қисмини ватанига олиб кетгани хабар қилинганди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Аммо чегаралар ёпиқлиги сабаб, улар чегараолди ҳудудларида тўпланиб қолишган.

Биргина сентябрь ойида Самара вилоятидан самолёт ва поездларда 6 мингдан ортиқ ўзбекистонлик юртига жўнатилган.

Май ойидан бери Самара вилоятидан Ўзбекистонга 10 мингга яқин ўзбекистонлик қайтарилган.

XS
SM
MD
LG