Ссылки доступа

ОТМларда 1-курс талабалари учун танишув дарслари 12 октябрдан бошланади


Жорий ўқув йилида олий таълим муассасаларининг 1-курсига қабул қилинган талабалар учун дарслар 12 октябрдан бошланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Aбдували Холиқов 29 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

“2020/21 ўқув йилини масофавий тарзда бошладик. Биринчи курс ўқувчилари билан ҳам ўқув йили масофавий тарзда бошланади. Фарқли томони – режамизга кўра, биринчи курсга тавсия этилган талабаларнинг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб бўлинганидан кейин, 12 октябрдан бошлаб, олий таълим муассасаларида 3 кундан 2 ҳафтагача танишув дарслари ташкил қилинади”, дея иқтибос келтиради А. Холиқов сўзларидан Кун.уз нашри.

Қайд этилишича, талабалар ётоқхоналарга жойлаштирилмайди. Узоқ ҳудудлардан Тошкентдаги ОТМларга ўқишга кирган талабалар учун ўша ҳудуддаги ОТМнинг моддий техник-базасидан фойдаланган ҳолда ҳудуддаги ёшларни йиғиб, танишув дарслари ташкил этилади.

Вазирлик мулозимининг билдиришича, Тошкент шаҳридаги ОТМларнинг профессор-ўқитувчилари узоқ ҳудудларга бориб, танишув дарсларини ташкил қилади. Танишув дарслари кунига 2 парадан ортиқ бўлмаган ва карантин талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади. Паралар орасида 10 дақиқалик танаффус бўлиб, талабалар аудиторияни ўзгартирмайди.

XS
SM
MD
LG