Хавфсизлик кенгашининг 29 сентябрда қабул қилинган бу баёнотини кенгашга аъзо барча 15 давлат бир овоздан қўллади.
Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Арманистон ва Озарбайжон етакчилари билан тўғридан-тўғри суҳбатлашиб, уларни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирган эди. Гутерриш, шунингдек, ҳар икки тарафни музокараларни қайта бошлаш ҳамда минтақага Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини киритишга чорлади.
Тоғли Қорабоғдаги конфликтга Россия ва Туркиянинг ҳам аралашиб қолиш эҳтимоли борлиги халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда.
29 сентябрда Арманистон ҳукумати Туркиянинг F-16 ҳарбий учоғи арман армияси ҳарбий учоғини уриб туширгани тўғрисида маълум қилган эди. Анқара ва Боку бу маълумотни инкор қилди.
Тоғли Қорабоғда уч кундан бери жанглар давом этаётгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган.