Қарорга кўра, ўқув жараёнини одатдагидек давом эттириш учун санитария-гигиена меъёрларига риоя қилиш аниқ ёзилган махсус алгоритм ишлаб чиқилган. Ўқитувчиларнинг ҳарорати ҳар куни ўлчанади ва ниқоб тақиш режимига сўзсиз амал қилинади. Бундан ташқари, ўқитувчилардан барча оила аъзоларининг соғлиғи тўғрисида анкетани тўлдиришлари талаб қилинади.
«Таълим жараёнини тиклашдан олдин мактабнинг барча бинолари маълум миқдордаги концентратлар ёрдамида дезинфекция қилинади. Бундан ташқари, дарслар орасидаги танаффусларда хоналар вентиляция қилинади. Ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг соғлиғи тиббиёт ходимлари томонидан назорат қилинади. Синф парталари ўқувчилар орасидаги масофани сақлашни ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилади, барча ўқитувчилар ва ўқувчилар дезинфекцияловчи воситалар билан таъминланади. Шу билан бирга, таълим муассасаларида маданий-кўнгилочар тадбирларни ўтказиш тақиқланган ва ташриф буюрувчиларнинг, шу жумладан ота-оналарнинг киришига чеклов ўрнатилган», — дейилади хабарда.
Алгоритмга кўра, ўқувчиларнинг умумий сони 200 нафаргача бўлган мактабларда ўқув жараёнини ташкил этиш талаблари одатдагидек жадвал ва ўқув режасига мувофиқ белгиланади. Агар маълум мактабнинг ўқувчилари сони 350 тагача бўлса, алгоритмга мувофиқ ўқув жараёни мослашувчан жадвал ва ўқув режаси асосида амалга оширилади. «Масалан, турли синфлардаги дарслар ва танаффуслар ҳар хил вақтда бошланади. Яъни, 1-2 синф ўқувчилари учун дарсларни соат 8.00 да, 3-4 синф ўқувчилари учун соат 8.30 да ва ундан кейин ортиб борувчи вақт оралиғида бошлаш тавсия этилади. Агар мактабнинг ўқувчилари сони 500 тагача бўлса, дарс жадвали ва ўқув режаси қуйидагича тузилади: 1, 2, 3 синфлар биринчи сменада; 4,5,6 синфлар - иккинчи сменада ўқийдилар. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг нонушта учун ошхоналарга боришида ҳам сменаларни жорий этиш муҳимдир», - дея таъкидлади Республика штаби.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи туфайли Қирғизистонда 16 мартдан бошлаб мактаблар ва олий таълим муассасаларида карантин эълон қилинди. Талаба ва мактаб ўқувчиларининг дарслари онлайн таълимга ўтказилди. Сентябрь ойидан анъанавий машғулотларни фақатгина 1 синф ўқувчилари бошлади.