Ссылки доступа

ТИВ: Абхазияда қолиб кетган ўзбекистонликларнинг илк гуруҳи октябрь бошларида юртига қайтарилади


Абхазияда қолиб кетган ўзбекистонлик муҳожирлар.
Абхазияда қолиб кетган ўзбекистонлик муҳожирлар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Абхазия ҳудудида юрган ўзбекистонликларнинг биринчи гуруҳини (аёллар, ҳомиладорлар, қариялар ва болалар) шу йил октябрь ойи бошларида ватанига қайтариш режалаштирилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Шу йил 30 сентябрида ёйинланган хабарномада қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонасига Абхазия ҳудудида бўлиб турган 400 га яқин ўзбекистонликдан ватанга қайтишда кўмаклашишга оид мурожаатнома келиб тушган.

Муаммони ҳал этиш мақсадида ТИВ Россия томонига ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун уларнинг Россия чегарасини кесиб ўтишларига рухсат олиш юзасидан яна бир бор тегишли мурожаат юборган.

Абхазиядагиларнинг илк гуруҳи кейинги ой бошларида юртига қайтишини билдирган вазирлик қолган фуқаролар Россия томонидан Давлат чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилгандан кейин Ўзбекистонга қайтарилишини қўшимча қилган.

Абхазияда карантин чекловлари туфайли мингдан зиёд ўзбек муҳожири қолиб кетгани ҳақида аввалроқ Озодлик хабар қилган эди. Бу муҳожирлар номидан таҳририятимизга мурожаат қилган ўзбекистонликлар расмийлардан ўз юртларига етиб олиш учун транзит йўли очиб беришни сўрагандилар. Улар минтақада сайёҳлар йўқлиги туфайли иш тўхтагани ва оғир аҳволда қолганларидан шикоят қилгандилар.

XS
SM
MD
LG