Ссылки доступа

Тоғли Қорабоғда ўқ отишлар тўртинчи кун давом этмоқда


Озарбайжон Қуролли Кучларининг ракета учувчиси

Боку Арманистон Қуролли кучлари томонидан Озарбайжоннинг Фузулий вилоятида жойлашган Горадиз шаҳрини ўққа тутгани ҳақида эълон қилди.

Озарбайжон Бош прокуратураси хабарига кўра, Горадиз шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнида снаряд портлаган. Бир киши вафот этди, яна уч киши яраланди. Прокуратуранинг таъкидлашича, чоршанба куни Тертер тумани ҳам артиллерия ўқига тутилган.

Арманистон раҳбарияти вакиллари ҳозирча ушбу маълумотга изоҳ бермади.

Отишма ҳақидаги маълумотлар ўзини ўзи республика деб, эълон қилган тоғли Қорабогда тўртинчи кун давом этаётган шиддатли тўқнашувлар фонида пайдо бўлди. Ушбу муажоролар 1990 йилларнинг биринчи ярмидан бери узоқ давом этиб келаётган келишмовчиликларнинг энг жиддий авж олишларидан биридир.

Отишма бошланиши ва эскалациянинг кучайишида икки мамлакат бир-бирини айбламоқда. 27 сентябрь куни эрталаб бошланган тўқнашувлар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ва кўпчилик яраланди. Қурбонлар ва ярадорлар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

Можаронинг ҳар иккала томони чоршанба куни Қорабоғдаги алоқа линияси бўйлаб бир неча йўналишда ўқ отиш ишлари олиб борилаётганини тасдиқладилар.

Ереван ва Боку ўз ҳудудларини - Арманистоннинг Варденис вилояти ва Озарбайжоннинг Дашкесан вилоятини ўққа тутишда айблади. Арманистон ҳукумати, шунингдек, Туркиянинг Ф-16 қирувчиси Арманистоннинг Су-25 ҳужум самолётини уриб туширганини айтди. Ҳарбий самолёт учувчиси ўлдирилган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян чоршанба куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғга қарши ҳаво ҳужуми операциясини бошқаришни Туркия ҳаво кучларига топширганини айтди.

Расмий Анқара Туркиянинг Арманистон самолётини уриб туширгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Ўз навбатида Озарбайжон ҳукумати мамлакатда Ф-16 қирувчилари йўқлиги ва уларни жанговар ҳаракатларда ишлатмаслигини даъво қилмоқда.

Шу билан бирга, Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар кучайганидан сўнг, Туркия ҳукумати Бокуни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли, агар Озарбайжон ёрдам сўраса, Анқара зарур бўлган барча ёрдамни кўрсатишини маълум қилди.

Қорабоғдаги можаронинг авж олиши нафақат Туркиянинг, балки Арманистоннинг КХШТ (Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги) иттифоқчиси бўлган Россиянинг ҳам вазиятга аралашувидан хавотирларни кучайтиради. Россия ҳукумати Туркияни Озарбайжон томонини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёнотлардан воз кечишга чақирди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сешанба кунги фавқулодда йиғилишда вазиятни муҳокама қилгандан сўнг, Тоғли Қорабоғда куч ишлатилишини қоралади ва ташкилот Бош котиби Антониу Гутерришнинг зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокараларга қайтишга чақириғини қўллаб-қувватлади.

Бироқ, Озарбайжон ҳам, Арманистон ҳам бир-бирини тинчлик жараёнига тўсқинлик қилишда айбламоқда. “Арманистон Бош вазири Қорабоғ Арманистоннинг бир қисми эканлигини очиқ айтди. Бу ҳолда қандай музокаралар ҳақида гаплашиш мумкин?“, деди Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Россия-1“ телеканали эфирида. Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян бунга жавобан Озарбайжон зудлик билан «Тоғли Қорабоғ ва Арманистонга қарши тажовузни» тўхтатиши кераклигини ва мамлакатидаги воқеалар «арман халқи учун мавжуд бўлган таҳдид» сифатида қабул қилинишини таъкидлади.

Асосан арманлар яшайдиган ва 1991 йилда Озарбайжондан мустақиллигини эълон қилган Тоғли Қорабоғ бўйича зиддият Собиқ Иттифоқ давридан бери давом этмоқда. 1994 йилда сулҳ битимидан олдин қарийб 30 минг киши қуролли тўқнашув қурбонига айланди.

XS
SM
MD
LG