Ссылки доступа

ССВ: Тожикистонда Россия вакцинасини сотиб олиш бўйича аниқ қарорлар қабул қилинмаган


Тожикистонда Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш бўйича аниқ қарорлар қабул қилинмаган, дея хабар беради мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги. Душанбе вакцинани синовдан ўтказишнинг якуний натижаларини кутмоқда.

«Вакцинани сотиб олиш бўйича Тожикистон ва Россия ўртасида ўтказилган музокаралар ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», деди Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Самариддин Ализода Душанбедаги конференцияда. Коронавирусга қарши вакцинани сотиб олиш тўғрисида қарор клиник синовларнинг барча босқичларидан ўтганидан сўнг қабул қилинади, дея қўшимча қилди расмий.

Аввалроқ Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқори мартабали вакили «Радио Озоди»га вакцина сотиб олиш бўйича Тожикистон ва Россия ўртасидаги музокаралар ҳақида маълумот берган эди. Унинг сўзларига кўра, Россия Тожикистонга қанча миқдорда вакцина бера олиши ҳақида ҳали аниқ маълумот йўқ. «Ҳозирга қадар вакцинанинг бепул ёки пулли бўлиши, иккинчидан, унинг нархи ҳам аниқ эмас», деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими исмини ошкор қилмаслик шарти билан. Унинг таъкидлашича, коронавирусга қарши вакцина сотиб олинган тақдирда, авваламбор, тиббиёт ходимлари, ўтиш пунктларидаги чегара хизмати ходимлари, шунингдек, COVID-19 таъсирига ҳимоясиз бўлган одамлар гуруҳи — диабетга чалинган ҳамда нафас олишда муаммолари бўлган беморлар эмланади.

Россия Гамалея Эпидемиология ва Микробиология Миллий Тадқиқот Марказида яратилган COVID-19га қарши вакцинани расмий равишда рўйхатдан ўтказган дунёдаги биринчи давлат бўлди.

Ҳозирги кунда ЖССТ COVID-19 га қарши ишлаб чиқарилган 170 дан ортиқ вакцинани рўйхатдан ўтказди: улардан 26 таси инсонларда синаш даражасига етди ва фақат 10 таси потенциал фойдаланиш учун тасдиқланган. Айни пайтда Америка Қўшма Штатлари, Хитой ва Буюк Британия вакцинани ишлаб чиқаришига умид билдирилаётган мамлакатлар бўлиб турибди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 29 сентябрь оқшомига кўра мамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 9726 кишига етган. Коронавирусдан вафот этганлар сони — 75 киши. Бироқ, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари расмийлар коронавирус инфекциялари билан боғлиқ ҳақиқий маълумотларни яшираётганига ва COVID-19 дан ўлганлар сони хабар қилинганидан анча юқори эканлигига ишонишади.

XS
SM
MD
LG