Ссылки доступа

Россия рубли курсининг пасайиши Тожикистондаги меҳнат муҳожирлари оилаларига салбий таъсир кўрсатмоқда


Бир ҳафта ичида иккинчи маротаба Россия рубли курси кескин пасайиб кетди ва бу Тожикистондаги меҳнат муҳожирлари оилаларини ташвишга солмоқда.

30 сентябрь куни Миллий банк рублнинг расмий курсини минг рус рублига 131,1 сомоний деб белгилади ва бу бир ҳафта аввалги курсга нисбатан 7-8 сомонийга кам. Банклар 1000 рублни 129 дан 131 сомонийгача айирбошламоқда.

Аҳолининг айтишича, пандемия шароитида Россияда ишлаётган қариндошларидан пул ўтказмалари ҳажми камайган ва шу сабабли рубль курсининг пасайиши барчага сезилмоқда.

Душанбе шаҳрида яшовчи Шахло Азизованинг айтишича, 30 сентябрь куни Россиядан унга юборилган 9000 рубль 70 сомонийга «арзонроқ» бўлиб қолган. «Барча озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилди, Россиядан ҳам кам пул келяпти. Аксига олиб, рублнинг курси тушиб кетди, энди кун кечиришимиз қийинлашади », - дейди Азизова.

Тожикистон Миллий банки раҳбарияти 30 сентябрь куни Россияда рубль АҚШ долларига нисбатан қадрсизлангани сабабли рублининг сомонийга нисбатан қиймати ҳам тушганлигини эълон қилди. ТМБ матбуот маркази вакиллари рублнинг пасайишини пандемия оқибатлари ва «ташқи омиллар» таъсири билан боғлашди, аммо қўшимча изоҳ беришдан бош тортишди.

Иқтисодий эксперт Нуриддин Қаюмов дунёда энергия нархларининг пасайиши, шу жумладан Россия нефти, шунингдек Россия валюта бозоридаги ўзгаришлар Тожикистондаги рублга таъсир қилиши мумкинлигини айтади.

30 сентябрь куни у «Радио Озоди»га берган интервьюсида рублнинг пасайиши нафақат Тожикистондаги айрим оилалар фаровонлигига, балки бутун мамлакат иқтисодиётига таъсир қилишини айтди. «Чет эл валюталарининг қадрсизланиши билан боғлиқ ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Тожикистонда корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаш керак», - дея тушунтирди тожикистонлик эксперт.

Айни пайтда Россия ушбу мамлакатда меҳнат миграциясида бўлган юз минглаб тожикистонлик фуқароларнинг даромад манбайи ҳисобланади. Ўтган йили Россиядан пул ўтказмалари ҳажми 2,7 миллиард долларни ташкил этган эди.

Аввалроқ Россия Марказий банки жорий йилнинг биринчи чорагида меҳнат муҳожирлари Россиядан Тожикистонга 359 миллион доллар ўтказганлиги ҳақида хабар берган эди. Ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103 миллионга камдир.

Тожикистон ҳукумати коронавирус пандемияси сабаб Россиядан меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари кескин камайганлигини бир неча бор таъкидлаган.

Тожикистон аввал ҳам Россия рублининг тушиши мамлакат иқтисодиётига қанчалик таъсир қилишини бошдан ўтказган. 2014 йилда бир қатор тожик банклари Россия рублининг кескин пасайиши туфайли инқирозга дуч келишди. «Тажпромбанк» ва «Фононбанк» банкрот бўлиб, ўз фаолиятини тўхтатди, Тожикистоннинг энг йирик икки банки - «Агроинвестбанк» ва «Тожиксодиротбанк» ҳали ҳам чуқур инқирозга учраб, тўловга қодир эмас.

XS
SM
MD
LG