Ссылки доступа

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қозоғистонга кириб келаётганларнинг касалхоналарга жойлаштирилаётганига изоҳ берди


Қозоғистон ҳудудига кириб келаётган шахснинг коронавирусга тест натижаси салбий бўлмаса, у касалхонага икки кунлик карантин учун жойлаштирилади. Бу ҳақда Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 1 октябрь куни бўлиб ўтган онлайн брифингда айтиб ўтди.

«Биз Европа, Германия, Австрия ва бошқа мамлакатлардаги қўшниларимизда COVID-19 билан касалланиш даражаси ортиб бораётганини кўряпмиз ... Фуқароларимиз бошқа мамлакатларга учиб кетганда, улардан ПЦР тестини сўрашади. Коронавирус инфекцияси йўқлигини кўрсатмасдан БААга ёки бошқа мамлакатларга кира олмайсиз. Бу коронавирус инфекциясининг катта миқдорини яна Қозоғистонга олиб келинмаслиги учун қилинган», - деди Алексей Цой Аззатйқ мухбирининг саволига жавоб берар экан.

Айни пайтда ҳаво қатнови қайта тикланган мамлакатлардан келган фуқаролар учун қуйидаги талабларни белгилаш таклиф қилинмоқда: иситма ўлчаш, анкета сўровнома тўлдириш ва уч кундан ортиқ бўлмаган COVID-19 учун сертификат. Сертификат бўлмаган ҳолларда, мамлакатга кириб келганлар карантин муассасасида икки кунгача COVID-19 учун лаборатория текширувларини ўтказиши керак бўлади.

Вазирнинг сўзларига кўра, худди шу талаблар Эвросиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари, Ўзбекистон билан автоуловлар ўтиш пунктлари ва назорат пунктларида давлат чегарасини кесиб ўтган фуқароларга нисбатан қўлланилади.

Цой, шунингдек, Қозоғистон 5 октябрдан «бошқа давлатлар билан парвозларни тиклашни тўхтатишга, рейслар тикланган давлатлар билан парвозлар сонини кўпайтирмасликка, Туркияга парвозлар сонини камайтиришга қарор қилганини» маълум қилди. Унинг аниқлик киритишича, энди ушбу мамлакатга ҳафтасига олтита рейс амалга оширилади.

Қозоғистон мамлакатлар тоифалари ва халқаро рейсларда келган йўловчилар учун чеклов чораларини жорий қилган. Биринчи тоифага қуйидаги давлатлар киритилган: Хитой, Таиланд, Мўғулистон, Малайзия, Миср, Гонконг, Жанубий Корея, Япония, Цингапур, Германия, Белорусия ва Озарбайжон.

Иккинчи тоифадаги мамлакатлар рўйхатида қуйида давлатлар ўрин олган: Швейцария, Буюк Британия, Польша, Италия, Венгрия, Австрия, Голландия, Швеция, Руминия, Чехия, Греция, Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Арманистон, Россия, Ўзбекистон, Украина, Қирғизистон ва Тожикистон. Шунингдек, иккинчи тоифага учинчи тоифадаги мамлакатлардан режадан ташқари парвозлар (эвакуация ва чартер) киритилган.

Учинчи тоифадаги мамлакатларга биринчи ва иккинчи тоифага кирмаган барча мамлакатлар кирди.

Қозоғистонда коронавирус инфекциясининг илк ҳолати расман 13 март куни рўйхатдан ўтказилди. Илк ҳолат Германиядан Қозоғистонга учиб келган ҳаво йўловчилари орасида аниқланган.

1 октябрга қадар Қозоғистонда, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 107 979 тасдиқланган COVID-19 касаллиги қайд этилган. Уларнинг 102 937 нафари айни пайтда соғайган бўлса, 1724 нафари вафот этган. Бундан ташқари, 1 августдан бошлаб 32 799 та «COVID-19га ўхшаш» пневмония ҳолатлари қайд этилди (COVID-19 учун салбий тест ташхиси қўйилган). Ундан 27169 нафар бемор соғайган бўлса, 355 нафари вафот этган.

XS
SM
MD
LG