Ссылки доступа

Тожикистон келаси ҳафтада Туркияга рейсларни тиклайди


Тожикистон Фуқаро авиацияси агентлиги Душанбе ва Истанбул ўртасида мунтазам парвозларни тиклашга рухсат берди. "Turkish Airlines" ва "Somon Air" авиакомпаниялари ҳафтада бир марта Душанбе-Истанбул-Душанбе йўналиши бўйича парвозларни амалга оширадилар.

«Парвозлар Тожикистон ва Туркиянинг санитария-эпидемиология стандартларига қатъий риоя қилинган ҳолда ва авиакомпаниялар веб-сайтларида эълон қилинган жадвалга мувофиқ амалга оширилади», деб қўшимча қилди манба.

«Turkish Airlines» ва «Somon Air» авиарейслар қайта тикланиш санаси ва авиачипта нархини ҳали эълон қилгани йўқ. Аммо, "Aziya Plyus" агентлиги ўз манбаларига асосланиб, Душанбе ва Истанбул ўртасида доимий рейслар 8 октябрдан бошлаб тикланиши ҳақида хабар беради.

Душанбедаги «Турк ҳаво йўллари» нинг «Радио Озоди»га жума куни хабар беришича, авиакомпаниянинг самолётлари душанба кунлари Истанбул-Душанбе-Истанбул йўналиши бўйича, ва «Somon Air» лайнерлари Душанбе-Истанбул-Душанбе йўналиши бўйича пайшанба кунлари парвоз қилади. Авиачипталар нархи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, деди авиакомпания.

Тожикистон жорий йилнинг 20 март санасидан бошқа давлатлар билан парвозларни тўхтатди. Чегаралар ёпилиши ва парвозларнинг тўхтатилиши билан кўплаб тожикистонликлар Россия ва бошқа мамлакатларда қолиб кетишмоқда. Тожикистондан Россия шаҳарларига чартер рейслари ташкиллаштирилди, аммо бортга фақат Россия Федерацияси фуқаролари, Россияда яшаш гувоҳномаси бўлган шахслар, Ватандошларни жойлаштириш Давлат дастурининг иштирокчилари, шунингдек русларнинг турмуш ўртоқлари, ота-оналари ва болалари кирдилар.

Эслатиб ўтамиз, Душанбе-Дубай-Душанбе йўналиши бўйича парвозлар 21 июлдан тикланди. Тожикистон ва Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтлари ўртасида парвозлар ҳафтада бир марта «Fly Dubai» ва «Somon Air» авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.

Ҳозирда тожик расмийлари Россия ва Хитой билан мунтазам парвозларни тиклаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG