Ссылки доступа

Қўшработда йўлга ташлаб кетилган жасад Зармитон олтин конидаги ўғриликка алоқадор кўрилмоқда


Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Тиббиёт бирлашмасига яқин ҳудудда 30 сентябр куни 20 ёшли йигитнинг жасади топилди.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Тиббиёт бирлашмасига яқин ҳудудда 30 сентябр куни 20 ёшли йигитнинг жасади топилди. Воқеадан хабардорлар ҳамда марҳум қариндошларидан олинган бу хабарни Қўшработ тумани Ички ишлар бўлими ходими Озодликка тасдиқлади.

ИИБ ходимига кўра, туман прокуратураси ҳозирда мазкур холат юзасидан тергов олиб бормоқда. Бу Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Зармитон олтин конида сўнгги бир ой ичида рўй берган иккинчи ўлим ҳолатидир.

Ғайриқонуний олтин қазувчилар билан таниш бўлган самарқандликлардан бирининг айтишича, конда тош босиб қолган йигитни шериклари чалажон аҳволда шахтадан олиб чиқиб, шифохонага олиб бораётган пайтда жон берган.

Жасадни шериклари йўлга ташлаб кетган.

"Туман ҳокимияти билан касалхона орасидаги кўчага ташлаб кетишган. Мен у йигитни яхши танийман. "Қуралос" маҳалласи​дан. Тош босиб қолган экан, шериклари уни чалажон чиқариб олиб, туман касалхонасига олиб боришмоқчи бўлишган. Йўлда ўлиб қолган. Жўралари қўрқиб шу ерга ташлаб кетишган", - дейди у.

Марҳумнинг исми очиқланмаслигини сўраган қариндоши ҳам Озодликка ҳодисани тасдиқлади.

"Отаси ҳам ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланиб, тўрт йил аввал бевақт ҳаётдан кўз юмган эди. Бева қолган онасини ёлғиз фарзанди эди. 30 сентябр куни саҳарда булар тўрт йигит, қай йўл билан конга киришган, билмаймиз, маъданли тошларни қазиётганида тоғ жинслари босиб қолган. Сариқ ажал дейди-да буни. Нотўғри иш умрини ҳазон қилди".

Қўшработ тумани Ички ишлар бўлими ходими 20 ёшли Т.С.нинг жасади 30 сентябр куни топилгани, туман прокуратураси ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов олиб бораётганини айтди.

Кончиларнинг айтишича, гарчи бу ҳудуд "режимли зона" ҳисобланса-да, маҳаллий ва ёлланма ишчилардан иборат ғайриқонуний гуруҳлар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазийди.

Ғайриқонуний олтин қазувчилар билан таниш бўлган самарқандликлардан бири ўғриликлар "қўриқчиларнинг кўз ўнгида" содир бўлишини айтар экан, бундай деди:

- Комбинатни қўриқлаш хизмати бор. Қўриқлаш хизматини бошлиғи бўлади. Битта пулдор бешта ўнта болани ёллайди. Бояги бошлиқ билан келишиб пастга тушириб юборади. Ҳаммаси уюшган. Қўриқчиларни кўз ўнгида бўлади. Бояги ўлган бола ҳам қайсидир бошлиқни ишини қилган. Уларга бир қоп тош олиб чиқса 100 минг, 150 минг сўм беради. Тушиб чиқишини, конга ўтишини хўжайин кўтаради. Бунақа пулдорлар туманда жуда кўп. Олтин мафияси булар ва уларни ИИБда орқалари бор. Лекин уларни ишини қилаётган йигитлар тош остида қолиб ўлиб кетяпти.

Пахтачилик Акбарнинг айтишича, Пахтачи туманининг 70 фоиз ишсиз аҳолиси ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланади.

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг қимматбаҳо металларни қазиб олиши Ўзбекистон президентининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.

XS
SM
MD
LG