Терговгача дастлабки суриштирувни олиб борган Асака туман ИИБ терговчиси тегажоғлик ҳодисаси юз берганиини тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан терговгача суриштирув ишлари тугалланиб, иш Асака шаҳар прокуратурасига оширилган.
Терговчининг айтишича¸жорий йилнинг 22 сентябрь куни тегажоғлик қурбони бўлган қизлардан бири тиббий экспертизадан ўтказилган ва унинг "иффатига зарар етмагани" аниқланган."Нега воқеадан 17 кун ўтиб, тиббий кўрик ўтказилди?" деган савол очиқ қолаётир.
Педофилликда гумонланаëтган шахснинг исми ва яшаш манзили ҳамда юзлаштириш чоғида олинган тезкор суратлар Озодлик ихтиёрида мавжуд.
Терговчининг айтишича¸ бу қилмиш юзасидан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 129 - моддасида кўзда тутилган жиноят тарзида малакалаш учун етарли.
Терговга яқин манбанинг айтишича¸ дастлабки суриштирув чоғида гумонланувчи "ўз айбига иқрор бўлган".
Гумондор билан юзлаштириш чоғида тегажоғлик қурбони бўлган 6 ва 7 яшарлик уч нафар қизча “айнан шу одам уларга тегажоғлик” қилганини айтиб, кўрсатма беришган.
Гумонланувчидан шаҳарни тарк қилмаслик борасида тилхат олиниб, тергов ва судга келиш шарти билан қўйиб юборилган.
Асака туманида жорий йил 4 сентябрида 31 яшар эркак (исм-шарифи Озодликка маълум - таҳр.) икки нафар 6 ва бир нафар 7 яшар қизни “қуëн ушлаб бераман” деб алдаб, бедапояга олиб кириб, тегажоғлик қилган.
Бу ҳақда Озодликка гумонланувчини "воқеа устида ушлагани"ни айтган МФЙ фаолларидан бири гапириб берди.
Унинг сўзларига кўра¸ ҳозир маҳаллага навбатчи қўйилган.
Тегажоғлик қурбони бўлган 7 яшар М. исмли қизчанинг отаси, 32 яшар касалхона ишчиси М. Ж. Озодлик билан 1 октябрь куни бўлган суҳбатда¸ қизига жинсий тегажоғлик қилган шахс "очиқда юргани"дан хавотир билдирди.
“Етти яшар қизим хамма гапни тўлиқ айтмаяпти. Хотиним ҳам гаплашиб кўрди қизим билан. Ўша уят иш қисмига келганда, тили тутилиб, йиғлаяпти. Шу воқеа бўлганидан бери руҳий ҳолати яхши эмас. Негадир ишни ассоссиз чўзишмоқда. Мен бу иш юзасидан Бош прокуратурага ҳам ариза ташладим. Аризам қабул қилингани ҳақидаги ҳужжат нусхаси бор. Лекин нега менинг 7 яшар, қўшниларимнинг 6 яшар қизларини бедапояга олиб кириб, жинсий тажовуз қилган шахс очиқда юрибди? Ким мени ва қизимни ҳимоя қилади?”
“Қизларга тегажоғлик қилаëтганда маҳалладагилар ушлаб, милицияга беришди. Лекин чертишгани йўқ. Милиция ишни чўзиб - чўзиб, прокуратурага ўтказди. Ҳалиям жиноят иши очилмади. Қизимни қўлидан тутиб, тиббий кўрикдан ўтказдик. Номус-иффати жойида. Аммо ечинтириб, шаҳвоний, уятсиз ишлар қилган ўша одам. Ўша одам озодликда юрибди, айбини тан олса ҳам. Маҳалладаги ёш қизлар уни таниб, ëзиб беришди. Лекин нимагадир прокуратура ва ИИБ бу ишни чўзиб юборяпти, ёш қизларимиз мактабга боргани қўрқишяпти", - дейди тегажоғлик қурбони бўлган қизнинг отаси.
Озодлик тегажоғлик қурбони бўлган қизлардан бири билан суҳбатлашди. М. исмли 7 яшар қизча ўзига нисбатан қилинган тегажоғлик тафсилотларини сўзлаб берди. Озодлик тегажоғлик қурбони бўлган қизларнинг видео тасвирга олинган кўрсатмаси билан ҳам танишди.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова Озодлик мухбири билан 1 октябрь куни бўлган суҳбатда бу каби ҳолатлар республиканинг турли жойларида содир бўлаётганини тан олди.
Омбудсманнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатларга қарши курашиш учун ИИВ ҳамда Бош прокуратура билан биргаликда "кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда".
1 октябрь куни Олий Мажлис вакили Асакадаги ҳолат юзасидан Озодлик тўплаган фактлар бўйича суриштирув ўтказишга ваъда берди. Орадан бир кун ўтиб, “бу ишнинг омбудсман назоратига олинганини” маълум қилди.
Озодлик Асакадаги ҳодиса ва умуман, ëш қизчаларга жинсий зўравонлик борасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова билан суҳбатлашди. Ортиқова суҳбатда “ педофил ҳужумига нишон бўлган асакалик қизчалар билан руҳшунослар иштирокида суҳбат уюштирилиши ва гумондорнинг айби тасдиқланса, қаттиқ жазоланишини” таъкидлади.
Ортиқова ҳоним “олдимиздаги бир ҳафта давомида мазкур иш билан прокуратура ходимлари жиддий шуғулланишини ва жараëн назоратда эканини” таъкидлади.