Ссылки доступа

Қашқадарё прокуратураси айбланувчилар ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини рад этди


Қашқадарёда "конденсат иши"да айбланиб қўлга олинган 31 нафар фуқаро қийноққа солингани юзасидан “Дарё” нашрида 4 октябрда эълон қилинган мақола юзасидан муносабат билдирди.

Мазкур мақола суд мажлисидан тайёрланган репортаж бўлиб, унда айбланаётган қашқадарёликлар ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини айтар эканлар: "Агар молга бизни қийнагандек азоб беришса, у ҳам гапириб юборарди”,-деб таъкидлашгани қайд этилган.

Репортажда “конденсат иш”да айбланаётган Алишер Гулистонов ва Дилшод Умаров ДХХ тергов ҳибсхонасидаги тергов жараёнида қийноққа солингани, соатлаб қўлидан осиб қўйилиб, руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини, агар “терговчиларнинг айтганини қилмаса, отаси ва акасини қаматиб юбориш билан қўрқитгани”ни айтган.

Айбланувчилар ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармасининг тергов ҳибсхонасида сақланган.

"Терговда айбланувчиларнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, улар билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари ҳимоячилари иштирокида Жиноят-процессуал кодексининг 91-моддасига асосан видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилган бўлиб, айбланувчиларга 24 маротаба ҳимоячилари билан холи учрашишлари, ўрнатилган тартибда 8 маротаба яқин қариндошлари билан учрашишлари ва 7 маротаба телефон орқали сўзлашишлари таъминланиб, ҳар уч кунда тиббий кўрикдан ўтказиб борилган", - дейилади Қашқадарё прокуратураси баёнотида.

Вилоят прокуратурасининг қайд этишича: “ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармасининг тергов ҳибсхонасида видеокузатув воситалари ўрнатилган бўлиб, қамоққа олинган айбланувчиларга нисбатан тергов ҳибсхонасида жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилмаган”.

Қашқадарё вилоят прокуратураси баёнотида алоҳида таъкидланишича, “айбланувчиларнинг уларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилганлиги ҳақидаги важларига суд томонидан ҳам ҳуқуқий баҳо берилади”.

Қашқадарё вилоятида “кондесат иши” 31 нафар фуқаро кўп миқдордаги нефть маҳсулотларини ўғирлаш ва талон-торож қилишда, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига пора бериб, шериклик қилишда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG