Ссылки доступа

Ўзбек депутатлари сиёсий бошпана беришга оид қонунни кўриб чиқмоқда


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонда сиёсий бошпана беришга оид қонунни кўриб чиқмоқдалар.

Депутат Расул Кушербаевга кўра, "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳаси 5 октябрь куни қуйи палатанинг ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини, Ўзбекистонда бўлиш, сиёсий бошпана бериш тартибини, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, Ўзбекистонга кириш-чиқиш ва транзит ўтиши, давлат хизматларидан фойдаланиш ва бошқа ҳолатларни акс эттириш назарда тутилган.

Лойиҳага мувофиқ, Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон президенти томонидан белгиланади.

Қайд этилишича, сиёсий бошпана ўзининг фуқаролиги бўйича мансуб давлатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун таъқиб қилинаётган ёки таъқиб қилишнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа ҳолатларидан бошпана ва ҳимоя излаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига берилади.

“Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда "Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида" ги Халқаро пакт, БМТнинг "Қочқинлар мақоми тўғрисида"ги Конвенцияси," Дипломатик алоқалар тўғрисида"ги Вена конвенцияси қоидалари ҳисобга олинган”, деб ёзади депутат Р. Кушербаев.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида учта ўқишда кўрилиб, қабул қилинган тақдирда Сенатга юборилади.

XS
SM
MD
LG